Шаҳрисабз туманида Оних автомобили бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2005-йилда туғилган йўловчи олган жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этди. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 2-ноябр куни соат 23:45 ларда Мираки МФЙ ҳудудидан ўтган маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлида юз берган. 2004-йилда туғилган ҳайдовчи И.У. Оних русумли транспорт воситасини бошқариб келаётиб, рул бошқарувини йўқотган ва йўл четидаги бетон тўсиққа урилган.
ЙҲХ оқибатида автомашина ичида бўлган йўловчи — 2005-йилда туғилган Ф.Ю. олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Автомашина ҳайдовчиси ҳамда яна бир йўловчи — 2008-йилда туғилган Ш.Қ.га шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.




