Ижтимоий тармоқларда реклама берувчи блогерлар ва оммага танилган шахсларнинг реклама фаолияти ҳам қонун талабларидан мустасно эмас. Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган реклама материалларининг Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқлигини мунтазам мониторинг қилиб бормоқда.
Қўмита маълумотига кўра, айни вақтда ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилган. Уларнинг саҳифаларида жойлаштирилаётган реклама материаллари кунлик тартибда кузатиб борилмоқда.
Мониторинг натижасида 12 нафар блогер томонидан реклама қонунчилиги талабларига зид бўлган реклама ахборотлари жойлаштирилгани аниқланган.
Қайд этилган қонунбузилишлар юзасидан ушбу блогерларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Машҳур шахслар рекламаси ҳам назоратда
Рақобат қўмитаси фақат блогерлар фаолияти билан чекланиб қолмаяпти. Қўмита маълум қилишича, республикада кенг жамоатчиликка танилган қўшиқчилар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчиларнинг рўйхати ҳам шакллантирилган. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги рекламага оид чиқишлари мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Бу эса ижтимоий тармоқларда реклама жойлаштиришда аудиторияси катта бўлган шахслар ҳам қонунчилик талабларига амал қилиши лозимлигини англатади.
Рекламада ҳаққонийлик талаб этилади
Қўмита реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар ва тарқатувчилар, шу жумладан, блогерлар ҳамда машҳур шахсларни реклама материалларини жойлаштиришда «Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
Айниқса, рекламада ҳаққонийлик ва ишончлиликни таъминлаш, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки уларда товар ва хизматлар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин бўлган ахборотларни тарқатмаслик муҳимлиги таъкидланган.
Яъни ижтимоий тармоқда реклама жойлаштирилаётгани уни қонун талабларидан ташқарида қолдирмайди. Реклама билан боғлиқ муносабатларда иштирок этаётган ҳар бир томон белгиланган талабларга амал қилиши керак.
Қўмита қонунчилик талабларини билмаслик ёки уларга эътиборсизлик билан муносабатда бўлиш жавобгарликдан озод этмаслигини эслатган.
Реклама қонунчилиги бузилган ҳолатларда айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилади.
Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган рекламалар устидан мониторингни янада кучайтириш, қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда реклама бозорида қонунийликни таъминлашга қаратилган чораларни изчил давом эттиришини маълум қилди.




