Жамият

Қашқадарёда иссиқлик етказилмаган кунлар учун 2,3 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди

Akmal Eshonxonov32 кўришлар
Қашқадарёда иссиқлик етказилмаган кунлар учун 2,3 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди

Қашқадарё вилоятида марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича ўрганишлар натижасида 5 500 та хонадонда яшовчи истеъмолчилар фойдасига қарийб 2,3 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда Рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ Қарши шаҳри ҳамда Нишон, Косон ва Яккабоғ туманларидаги 384 та кўп қаватли уйнинг 14 448 та хонадонига маҳаллий қозонхоналар орқали иссиқлик энергияси етказиб берган. Шунингдек, 12 та бюджет ва бошқа ташкилот билан иссиқлик таъминоти бўйича шартномалар тузилган.

Ўрганишлар давомида режали таъмирлаш, тизимдаги авариялар, газ босимининг пасайиши, совуқ сув ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабаб қозонхоналар ишламаган кунларда хонадонларга иссиқлик етказилмагани аниқланган. Бироқ мазкур кунлар учун ҳам истеъмолчиларга қарздорлик ҳисобланган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мавсум якуни бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласи кўриб чиқилди. Натижада 5 500 та хонадонда яшовчи фуқаролар фойдасига қарийб 2,3 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Қашқадарёда иссиқлик етказилмаган кунлар учун 2,3 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди | Effect.uz