Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Профилактика инспекторларини чақириш учун махсус тугмалар ўрнатилади

Akmal Eshonxonov15 кўришлар
Профилактика инспекторларини чақириш учун махсус тугмалар ўрнатилади

Ўзбекистонда 2027-йил 1-февралдан фуқаролар профилактика инспекторлари билан исталган вақтда тезкор боғланиши учун махсус алоқа тугмалари жорий этилади. Улар инспекторларнинг маҳалладаги хизмат хоналари эшикларига ўрнатилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 25-ноябрдаги 639-сон қарорида белгиланган. Унга кўра, республика бўйича жами 8 837 та хизмат хонаси босқичма-босқич алоқа тугмалари билан жиҳозланади. 2027-йилда 2 941 та, 2028-йилда эса қолган 5 896 та хонага қурилмалар ўрнатилади.

Тугма босилганда инспекторнинг хизмат планшети ёки мобил қурилмасига овозли сигнал келади. Агар маҳаллада бир нечта инспектор хизмат қилса, хабар уларнинг барчасига бир вақтда юборилади. Инспекторлар мурожаатни 5 дақиқа ичида қабул қилиши керак.

Зарур ҳолларда инспектор ҳодиса жойига етиб боради ёки бошқа масъул ходимларни жалб қилади. Бошқа давлат органлари ваколатига кирадиган мурожаатлар эса 112 ягона диспетчерлик хизматига юборилади.

Қарорда янги алоқа тугмалари жорий этилиши ички ишлар органларининг қисқа рақамлари ва 112 хизматига мурожаат қилиш тартибини бекор қилмаслиги ҳам белгиланган. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Профилактика инспекторларини чақириш учун махсус тугмалар ўрнатилади | Effect.uz