2030-йилга бориб чорва учун озуқа етиштириш ҳажмини 90 миллион тоннага етказиш, қорамолларнинг тирик вазнини 550 килограммгача ошириш ва қўшимча 400 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш мақсад қилинган.
25-ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёевга чорвачиликда озуқа базасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Маълум қилинишича, ҳозирда мамлакатда йилига 48 миллион тонна озуқа етиштирилади. Бу миқдорни 2027-йилда 64,5 миллион тоннага, 2030-йилга бориб эса 90 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда 12,5 миллион бош қорамол, 23 миллион бош қўй-ечки ва 125 миллион бош парранда боқилмоқда. Бир бош қорамол учун йилига 6,5 тонна озуқа талаб этилса-да, амалда бу кўрсаткич 4 тоннадан ошмаяпти. Озуқа харажатлари гўшт таннархининг 30 фоизини ташкил этади.
Тақдимотда озуқабоп экинлар ҳосилдорлигини гектарига 350 сентнердан 500 сентнергача ошириш, 2030-йилга қадар 200 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш белгиланди. Шунингдек, келгуси йилнинг ўзида 50 минг гектар ерда озуқабоп экинлар етиштириш кўзда тутилган.
Яйловлар маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 2030-йилгача бир миллион гектар майдонда дронлар ёрдамида уруғ сепиш режалаштирилмоқда. Қашқадарё вилоятининг саккизта туманида эса қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли экинлар етиштириш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, озуқа етиштириш майдонлари ва экин турлари ҳисоби рақамлаштирилади, чорвачилик учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш космик мониторинг орқали назорат қилинади.
Аҳоли хонадонларида боқилаётган қорамолларни сифатли озуқа билан таъминлаш учун ҳудудларда 100 дан ортиқ озуқа маркази ва шохобчаси ташкил этилади. Улар озуқани йирик ҳажмда харид қилиш, қайта ишлаш, захиралаш ва бозорга узлуксиз етказиб бериш билан шуғулланади.




