Ўзбекистонда ўзбеклар энг йирик миллий гуруҳ ҳисобланади. Улар 34,9 миллион киши ёки мамлакат аҳолисининг 89,4 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, ўзбек тилини она тили сифатида билувчилар сони этник ўзбеклар сонидан 753 минг нафарга кўп.
Миллий таркиб бўйича кейинги ўринларда тожиклар — 1,28 миллион (3,3 фоиз), қорақалпоқлар — 841 минг (2,2 фоиз), қозоқлар — 707 минг (1,8 фоиз) ва руслар — 607 минг (1,6 фоиз) туради.
Шунингдек, мамлакатда 219 минг нафар қирғиз (0,6 фоиз), 195 минг нафар туркман (0,5 фоиз) истиқомат қилади. Бошқа миллат вакиллари эса 300 минг кишини ёки аҳолининг 0,8 фоизини ташкил этади.
Она тили бўйича маълумотларга кўра, ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатганлар сони 35,65 миллион нафарга етган. Бу умумий аҳолининг 91,3 фоизидир.
Шундай қилиб, ўзбек тилини она тили деб билувчилар сони этник ўзбеклар сонидан 753 минг нафарга кўп. Бу эса мамлакатда ўзбек тилидан турли миллат вакиллари ҳам она тили сифатида фойдаланишини кўрсатади.




