Спорт

«Президент Олимпиадаси»да ҳакамлик юзасидан шикоят: боксчи қиз ғалабадан маҳрум қилиндими?

Akmal Eshonxonov50 кўришлар
«Президент Олимпиадаси»да ҳакамлик юзасидан шикоят: боксчи қиз ғалабадан маҳрум қилиндими?

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига Наманган вилояти Поп туманида яшовчи фуқаро Улуғбек Турсуновдан мурожаат келиб тушди. Мурожаатчи «Президент Олимпиадаси» мусобақасининг бокс бўйича баҳсларида ҳакамлик юзасидан эътироз билдирмоқда.

Унинг айтишича, қизлар ўртасида 67 килограмм вазн тоифасининг 2-саралаш босқичида иштирок этган қизи — Фазилатхон Турсунова қизил бурчакда жанг қилган. Мурожаатчи жанг давомида унинг қизи рақибига нисбатан фаолроқ ҳаракат қилгани ва устунлик кўрсатганини таъкидламоқда.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳакамлар ғалабани Фазилатхон Турсунованинг рақибига берган. Мурожаатчи бу ҳолатни адолациз ҳакамлик деб ҳисобламоқда. Унинг таъкидлашича, қизининг иштирокида бундай ҳолатлар аввал ҳам бир неча марта кузатилган.

Эндиликда асосий савол — мазкур жангда ҳакамларнинг қарори белгиланган қоидалар асосида қабул қилинганми ва баҳолаш жараёнида бирор қоидабузарлик бўлганми?

ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу мурожаатни масъул ташкилотлар эътиборига ҳавола қилади. Мусобақа ташкилотчилари ва бокс федерациясидан жанг видеоси ҳамда ҳакамлар қарорини ўрганиб, ҳолатга холис баҳо беришларини сўраймиз.

Агар ҳакамликда хато ёки қоидабузарлик аниқланган бўлса, унга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиши, агар қарор қонуний ва асосли бўлган бўлса, бунинг сабаблари жамоатчиликка тушунтирилиши лозим.

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририяти мазкур мурожаат юзасидан масъул ташкилотларнинг расмий муносабатини ҳам эълон қилишга тайёр.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Президент Олимпиадаси»да ҳакамлик юзасидан шикоят: боксчи қиз ғалабадан маҳрум қилиндими? | Effect.uz