Спорт

Рустам Қосимжонов: “2000-йилда Олимпиадада медал олганимда менга Тико беришган”

Administrator30-сентябр, 2026, 02:1947 кўришлар

Шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов билан янги автомобилдаги суҳбатда замонавий шахмат, ёш авлоднинг кучайиши, Ўзбекистон шахматчилари ва давлат мукофотлари ҳақида гаплашилди.

Қосимжоновнинг таъкидлашича, бугун шахмат билан шуғулланиш учун имкониятлар анча кўпайган. Интернет, компютер ва электрон базалар ёш шахматчиларга дунёдаги партияларни ўрганиш ва тайёргарлик кўриш имконини бермоқда.

“Балки келажакда бундан ҳамошроқ чемпионлар пайдо бўлиши мумкин”, — деди Қосимжонов.

У сўнгги йилларда Ўзбекистонда шахматга эътибор ва мусобақалар сони сезиларли ошганини қайд этди.

“Мени энди кўпроқ кўрасизлар”

Журналист Рустам Қосимжоновнинг маълум бир даврда оммавий ахборот воситаларида камроқ кўрингани ҳақида сўраганда, у доимо иш билан банд бўлганини айтди.

“Мен ҳар доим иш қилиб юрган эдим, ҳар доим банд эдим. Лекин ҳозир Ўзбекистонда ишимиз кўпроқ. Мусобақалар жуда кўп, режалар кўп, эътибор жуда катта. Менинг ҳам тажрибам фойда бераяпти. Шунинг учун, Худо хоҳласа, мени энди кўпроқ кўрасизлар”, — деди у.

Қосимжонов ҳозир асосий эътиборини хорижлик шахматчиларга эмас, Ўзбекистон вакилларига қаратаётганини билдирди.

“Бизнинг болалар яхши ўйнаса, бошқалар қандай ўйнаётгани менга, очиғини айцам, унчалик қизиқ эмас. Олимпиадада ҳам бошқа натижаларга унча қарамадим”, — деди у.

Унинг фикрича, бугунги кунда Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоровдан кучлироқ шахматчилар йўқ.

“Бизнинг болаларимиз ҳақиқий чемпион бўлишига ишонаман. Жавоҳир ҳам ноябр–декабр ойларида расмий тарзда жаҳон чемпиони бўлиб қайтишига ишонаман”, — деди Қосимжонов.

“Бизнинг ишимиз ҳали кўп”

Президент билан учрашув вақтида қандай гаплашгани ҳақида сўралганда, Қосимжонов Президент унга: “Бизнинг ишимиз ҳали кўп”, деганини айтди.

“Мен буни яхши тушунаман. Президентнинг ғоялари кўп, ниятлари кўп. Биз бор кучимизни берамиз”, — деди у.

Суҳбат давомида Қосимжонов давлат томонидан спортчиларга берилаётган мукофотлар ҳақида ҳам гапирди.

Унинг айтишича, аввалги йилларда бугунгидек катта мукофотлар бўлмаган. Бироқ шахматчи давлат ва халқ меҳрини доимо ҳис қилган.

“2000-йилда Олимпиадада медал олганимда менга Тико беришганди”, — деди Қосимжонов.

У ўша пайтда Тикони ҳам хурсанд бўлиб ҳайдаганини эслади.

“Ҳозир эса, кўриб турибмиз, давр ўзгарди, давлатимизнинг имкониятлари ўзгарди. Мамлакатдаги имкониятлар ошди. Машина ҳам, кўриб турибсиз, каттароқ бўлиб қолди”, — деди у.

Журналистнинг “Ютуққа яраша-да энди”, деган гапига Қосимжонов қисқа жавоб берди:

“Ютуққа яраша”.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Рустам Қосимжонов: “2000-йилда Олимпиадада медал олганимда менга Тико беришган” | Effect.uz