Qorong‘i rejim
Жаҳон

Ўзбекистонга Париж битими доирасида 8,5 миллион доллар грант жалб қилинди

Akmal Eshonxonov23 кўришлар
Ўзбекистонга Париж битими доирасида 8,5 миллион доллар грант жалб қилинди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида Париж битимининг 6-моддаси доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун 8,5 миллион долларлик грант ажратилади. Маблағлар углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга йўналтирилади.

25-ноябр куни иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидҳаджаев Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИЦА) ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (ГГГИ) вакиллари билан учрашди.

Учрашувда КОИЦАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Ким Мён Жин ва ГГГИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Стелла Сеун Ён Ли ҳам иштирок этди.

Музокаралар якунида КОИЦА техник кўмаги доирасида ГГГИ билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа учун 8,5 миллион долларлик грант маблағларини жалб қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш тартиблари, қўлланмалар ва қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, углерод лойиҳаларини тайёрлаш ва бошқариш бўйича мутахассислар тайёрлайдиган махсус ўқув маркази ташкил этилади. Марказ зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ўқув дастурлари йўлга қўйилади.

Грант маблағларининг яна бир қисми қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув ресурслари соҳаларида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган пилот лойиҳаларни амалга оширишга сарфланади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонга Париж битими доирасида 8,5 миллион доллар грант жалб қилинди | Effect.uz