Qorong‘i rejim
Жаҳон

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шериклик ўрнатилди

Akmal Eshonxonov3 кўришлар
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шериклик ўрнатилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи доирасида Аммонда ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. Шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти ва Иордания подшоҳи Абдулла ИИ ибн Ал-Ҳусайн ҳузурида ўзаро ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди. Шунингдек, стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим имзоланди.

Келишувлар имтиёзли савдо, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам, маданият, маданий ва ижодкорлик саноати, миллий кутубхоналар, ҳужжатлар ва архивлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ҳамда сув ресурсларини бошқариш соҳаларини ҳам қамраб олди.

Бундан ташқари, иқтисодий дипломатия, тоғ-кон саноати ва геология, уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик, рақамлаштириш, ахборот технологиялари, озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари назорати, соғлиқни сақлаш хизматлари ҳамда чорвачилик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Минтақалараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Тошкент ва Аммон шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд шаҳри ва Петра туризм минтақаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар алмашилди.

Давлат ташрифи доирасида жами 19 та икки томонлама ҳужжат қабул қилинди ва имзоланди. Келишувлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шериклик ўрнатилди | Effect.uz