Жаҳон банки Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион долларлик молиялаштириш пакетини маъқуллади. Дастур доирасида 275 мингта қўшимча ва сифатли иш ўрни яратиш, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш кўзда тутилган.
Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши маъқуллаган маблағлар хусусий секторни ривожлантириш, иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва экологик тоза ўсишга ўтишга йўналтирилади.
2029–2031-йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида 275 мингта янги ва сифатлироқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Дастурда, айниқса, ҳудудлардаги хотин-қизлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтиришга эътибор қаратилган.
Молиялаштириш доирасида ижтимоий суғурта қамровини кенгайтириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, хусусий бизнес учун рақобат муҳитини яхшилаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чоралари белгиланган. Шунингдек, 2028-йилгача яна 500 минг нафар фойдаланувчини, жумладан, 250 минг нафар хотин-қизни кенг полосали интернет билан таъминлаш режалаштирилган.
Энергетика соҳасида электр ва табиий газ бозорларини тартибга солиш қоидалари янгиланиб, хусусий инвестициялар жалб қилинади. 2028-йилгача электр истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарувидаги тармоқлар орқали хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалигида эса фермер ва чорвадорларни қурғоқчилик, сув тошқинлари ҳамда кескин об-ҳаво ҳодисаларидан ҳимоя қилиш учун суғурта қамрови кенгайтирилади. 2028-йилга келиб уларнинг 35 фоизини суғурта билан қамраб олиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, ташқи савдо жараёнларини рақамлаштириш, «ягона дарча» тизимини такомиллаштириш орқали Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш режалаштирилган.
Экологик йўналишда биноларнинг энергия самарадорлиги стандартлари янгиланади. 2028-йилгача энергия тежамкорлигини оширишга 10 миллион доллар хусусий инвестиция жалб қилиш ва тақсимланган қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 3 000 МВтга етказиш кўзда тутилган.




