Qorong‘i rejim
Жаҳон

«Ўзбекгидроенерго» ва Евросиё тараққиёт банки стратегик ҳамкорликни кенгайтиради

Akmal Eshonxonov14 кўришлар
«Ўзбекгидроенерго» ва Евросиё тараққиёт банки стратегик ҳамкорликни кенгайтиради

«Ўзбекгидроенерго» АЖ ва Евросиё тараққиёт банки ўртасида гидроенергетика соҳасидаги инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича меморандум имзоланди. Томонлар истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш, давлат кафолатларисиз маблағ жалб қилиш ва қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

25-ноябр куни «Ўзбекгидроенерго» АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов Евросиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқотда компаниянинг стратегик ривожланиш режалари ва инвестиция дастурлари муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, 2025-йил якунига кўра, жамият таркибидаги гидроелектр стансияларининг умумий ўрнатилган қуввати 2 400 МВтни ташкил этган. 2032-йилгача бу кўрсаткични 5 538 МВтга етказиш ва қарийб 3,7 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Дастур янги ГЕСлар қуриш, мавжуд стансияларни модернизация қилиш ҳамда Марказий Осиёда илк йирик ГТЕСларни барпо этишни қамраб олади.

Учрашувда Пскем ГЕСи, Чорбоғ ГЕСини модернизация қилиш, Юқори Тўпаланг гидроенергетика зонасини ўзлаштириш, ГТЕСлар қурилиши ва ЖКФ-5 ГЕС лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, давлат кафолатларисиз узоқ муддатли корпоратив молиялаштириш, гидроенергетика ускуналарини харид қилиш учун савдо молиялаштириши ва техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишга грант маблағларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Евросиё тараққиёт банки вакиллари 2031-йилга қадар Ўзбекистон иқтисодиётига 3 миллиард долларгача инвестиция йўналтириш режалаштирилганини билдириб, «Ўзбекгидроенерго» билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат гидроенергетика соҳасида узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, устувор лойиҳалар портфелини шакллантириш ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Шунингдек, аниқ вазифалар ва муддатларни белгилайдиган қўшма «Йўл харитаси»ни тайёрлашга келишиб олинди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар