Ички ишлар вазирининг буйруғи билан йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби бўйича янги йўриқнома тасдиқланди. Ҳужжат 2027-йил 7-январдан кучга киради.
Янги тартибга кўра, йўл қоидабузарликлари бўйича маъмурий ишлар «Маъмурий амалиёт» модули орқали электрон шаклда юритилади.
Баённомалар планшет ёки компютер ёрдамида расмийлаштирилади. Қоғозда тузилган ҳужжатлар эса кейинчалик электрон тизимга киритилади. Яна бир муҳим ўзгариш — автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситаларига тааллуқли.
Агар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган қоидабузарлик ҳақидаги маълумот 48 соат ичида ҳудудий марказга келиб тушмаса, ушбу ҳолат кўриб чиқилмайди ва маъмурий иш тугатилади. Бу 48 соатлик муддат қоидабузарлик қайд этилган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Шунингдек, чиқарилган қарор устидан 10 кун ичида юқори турувчи органга ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига шикоят қилиш мумкин. Янги йўриқнома 2027-йил 7-январдан амалиётга киритилади.




