Ўзбекистонда 2027-йил 7-январдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жаримани 60 кун ичида тўламаган ҳайдовчиларнинг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.
Янги тартибга кўра, жарима тегишли қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кун ичида тўланиши шарт. Қарор устидан берилган шикоят ёки протест қаноатлантирилмаса, тўлов учун хабар берилган кундан бошлаб 30 кун муддат берилади.
Муддат ўтиб, қарздорлик тўланмаса, автомобил ҳақидаги маълумотлар ЙҲХХ ходимларининг электрон тизимларида пайдо бўлади. Ходимлар қўшимча маъмурий баённома тузмасдан транспорт воситасини жарима майдончасига олиб кетиши мумкин.
Бироқ ҳайдовчи жаримани тўхтатилган жойнинг ўзида мобил илова, электрон тўлов тизими ёки банк орқали тўлиқ тўласа, автомобил жарима майдончасига жойлаштирилмайди. Агар машина олиб кетилган бўлса, уни қайтариш учун қарздорликни тўлаш ва электрон рухсатнома расмийлаштириш талаб этилади.
Шунингдек, жаримани муддатидан олдин тўлаш имтиёзлари сақланади: қарор топширилганидан кейин 15 кун ичида жариманинг 50 фоизи ёки 30 кун ичида 70 фоизи тўланса, қолган қисми тўланмайди. Бу имтиёзлар қонунда белгиланган айрим ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Мазкур тартиб Ички ишлар вазирининг 2026-йил 4-сентябрдаги буйруғи билан тасдиқланган йўриқномада белгиланган. Ҳужжат 5-ноябр куни 3969-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилиб, 6-ноябрда эълон қилинган.




