Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Ўзбекистонда оммавий тадбирларда хавфсизлик хизматлари пулли бўлиши мумкин

Akmal Eshonxonov32 кўришлар
Ўзбекистонда оммавий тадбирларда хавфсизлик хизматлари пулли бўлиши мумкин

Янги тартибга кўра, тадбир ташкилотчилари ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ ва тиббиёт хизматлари учун ҳақ тўлаши, одамлар оқимини эса дронлар орқали кузатиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда оммавий тадбирлар вақтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматларини пулли асосда ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда 18-ноябр куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида сўз боради.

Лойиҳага кўра, ички ишлар, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан кўрсатиладиган хавфсизлик хизматлари тадбир ташкилотчиси билан тузиладиган мажбурий шартнома асосида пулли тартибда амалга оширилади. Шартнома рухсатнома олингандан кейин, тадбир бошланишидан камида 10 иш куни олдин тузилиши керак.

Тўлов миқдори ҳам белгиланмоқда. Лойиҳада бир киши-соат қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи — ҳозирда 30 минг 800 сўм этиб белгиланган. Шартнома қиймати эса ушбу сумманинг 50 фоизини, яъни 15 минг 400 сўмни тадбирга жалб қилинадиган ходимлар сони ва тадбир давомийлигига кўпайтириш орқали ҳисобланади.

Президент, Олий Мажлис палаталари, Президент администрацияси ва Ҳукумат ҳужжатлари асосида ўтказиладиган айрим тадбирлар, кўчма сирк томошалари ҳамда сайловолди ташвиқоти тадбирлари учун тўлов ундирилмайди.

Лойиҳада хавфсизликни назорат қилишнинг рақамли механизмларини жорий этиш ҳам назарда тутилган. Жумладан, иштирокчилар оқимини узлуксиз кузатиш, улар сонини ҳисоблаш ва одамлар тўпланиши билан боғлиқ хавфларни барвақт аниқлаш учун дронлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, оммавий тадбирлар қоидаларини бузган шахсларнинг тадбирларга киришини суд қарори билан вақтинча чеклаш мумкин бўлади. 2027-йилдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги «Хавфсиз шаҳар» платформасига интеграциялашган э-оммавий тадбир модули орқали бундай шахсларнинг электрон ҳисобини юритиши режалаштирилган.

Чипталарнинг белгиланган нархдан қиммат қайта сотилиши, қалбакилаштирилиши ва коррупсиянинг олдини олиш мақсадида маданий, кўнгилочар-томоша ҳамда спорт тадбирларига чипталарни фақат электрон шаклда сотиш таклиф қилинмоқда. Очиқ майдон ва сайилгоҳлардаги тадбирлар бундан мустасно.

Ташкилотчиларга рухсатнома олмасдан туриб тадбир ҳақида ОАВ ва интернетда эълон бериш, реклама тарқатиш ҳамда чипта сотиш тақиқланиши мумкин.

Бундан ташқари, реклама ёки аксия баҳонасида озиқ-овқат ва буюмларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархда сотиш орқали одамларни тадбирга жалб қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Янги қоидаларга мувофиқ, 100 ва ундан ортиқ киши иштирок этадиган тадбирлар оммавий тадбир ҳисобланади. Митинг ва намойишлар, шунингдек, тўй ва оилавий маросимлар бундан мустасно.

Доимий ўриндиқлари бўлмаган очиқ майдонларда иштирокчилар сони ҳар бир квадрат метр фойдали майдонга кўпи билан бир киши мезони асосида ҳисобланади.

Шунингдек, тадбир ўтказиладиган обектнинг ўзида ва ундан 500 метр радиусда тадбир бошланишидан камида икки соат олдин ҳамда тадбир давомида алкогол маҳсулотлари савдосини тўхтатиш таклиф этилмоқда.

Қайд этиш керак, ҳозирча бу талаблар Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида келтирилган. Уларнинг кучга кириши учун ҳужжат белгиланган тартибда қабул қилиниши лозим.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар