Ўзбекистонда аттраксионлар мунтазам техник кўрикдан ўтказилади, улар операторларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 25-ноябрдаги 645-сон қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, аттраксионлар хавфсизлигини таъминлаш, бахциз ҳодисаларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига етказилган зарарни қоплаш кафолатларини кучайтириш кўзда тутилган.
Жумладан, аттраксион операторларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тизими жорий этилади. Шунингдек, аттраксионларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун «Саноат хавфсизлиги» давлат муассасаси аккредитациядан ўтказилади.
Аттраксионлар белгиланган муддатларда даврий техник кўрикдан ўтказилиши шарт. Бундай кўрикдан ўтмаган аттраксиондан фойдаланиш рухсат бериш талабларини бир марта қўпол равишда бузиш деб баҳоланади.
Истироҳат боғлари ва бошқа кўнгилочар масканлар маъмурияти ўз ҳудудида фақат тегишли рухсатномага эга ва техник кўрикдан ўтган аттраксионлардан фойдаланишга рухсат бериши мумкин.
Бундан ташқари, аттраксионларни импорт қилиш, рўйхатдан ўтказиш, улардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш ва техник ҳолатини назорат қилиш жараёнларини рақамлаштириш белгиланган.
Қарор 26-ноябрдан кучга кирган.




