Қурилиши тугалланмаган ёки белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйган масъул шахслар уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Бу ҳақда 27-ноябр куни Сенатнинг 21-ялпи мажлисида маъқулланган қонунда белгиланган.
Янги тартибга кўра, бундай уйларга аҳолининг кўчиб киришига йўл қўйган қурилишга масъул ва мансабдор шахсларга нисбатан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.
Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачи ва пудратчилар зиммасига фойдаланишга қабул қилинмаган уйларга одамларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.
Сенатда келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги етти йилда 383 та кўп квартирали уй шаҳарсозлик ҳужжатлари, коммуникация тармоқларига уланиш ва рўйхатдан ўтказиш талабларига риоя қилинмасдан қурилган. Ушбу уйлардаги 20 мингдан ортиқ хонадон фуқароларга сотилган. Бундан ташқари, турли қоидабузарликлар сабаб фойдаланишга топширилмаган 136 та уйда қарийб 8 минг киши яшаб келмоқда.
Қонун муҳокамасида Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобулжон Турсунов амалдаги тартибда бундай ҳолатлар учун аввал маъмурий, такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарлик белгиланганини айтди. Янги ўзгартишлар масъул шахсларнинг жавобгарлигини аниқ белгилашга қаратилган.
Сенатор Малика Ходирхонованинг таъкидлашича, фуқаролардан бу муаммо юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Унинг айтишича, 2025-йил 1-майдан уйларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби соддалаштирилган бўлса-да, ҳужжатларни расмийлаштириш чўзилиб кетгани сабаб айрим фуқаролар тугалланмаган уйларга кўчиб киришга мажбур бўлмоқда.
Вазирлик вакили эса коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида инсон омилисиз ишлайдиган электрон платформа жорий этилганини маълум қилди. Шунингдек, ноқонуний қурилишларни аниқлаш ва уларга нисбатан чора кўриш учун вазирлик ҳузурида махсус департамент ташкил этилган.
Сенат раиси Танзила Норбоева қурилиши тугалланмаган ёки фойдаланишга топширилмаган уйларда яшаш фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид солишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида кўпроқ учрамоқда. Сенат раиси ушбу ҳудудлардаги масъуллар ва маҳаллий кенгашларни муаммога жиддий эътибор қаратишга чақирди.




