Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида илмий-маърифий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Akmal Eshonxonov9 кўришлар
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида илмий-маърифий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

16-ноябр куни Иордания Ҳошимийлар Қироллиги таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири, профессор Азми Маҳфаза бошчилигидаги делегасия Ўзбекистондаги Ислом сивилизасияси марказига ташриф буюрди. Меҳмонларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди.

Ташриф давомида делегасия аъзолари Марказ музей экспозисиялари билан танишди. Уларга ислом сивилизасиясининг кўп асрлик тарихи, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси, ноёб қўлёзмалар ва тарихий артефактлар ҳақида маълумот берилди. Меҳмонлар муқаддас Каъба кисваси экспонатини ҳам томоша қилди.

Шундан сўнг Марказнинг Анжуманлар залида расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, таълим, илм-фан, маданият ва умумий тарихий-маънавий меросни ўрганиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов икки мамлакат муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Хусусан, 2025-йил август ойида Иордания Қироли Абдулла ИИ ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифи, Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар ва улар якунида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди.

Шунингдек, Марказнинг халқаро миқёсдаги илмий-маърифий аҳамияти, турли мамлакатлар ўртасида маърифий мулоқотни ривожлантиришдаги ўрнига эътибор қаратилди. Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон ва Иордания халқларини муштарак диний қадриятлар, бой тарихий мерос ва ислом сивилизасияси ривожига қўшилган умумий ҳисса боғлаб туришини таъкидлади.

Унинг айтишича, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот муассасалари, университетлари, кутубхоналари ва музейлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, қўлёзма манбаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, кўргазмалар алмашинуви, илмий нашрлар тайёрлаш ҳамда мутахассислар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Учрашувда Марказ жамоаси томонидан 19–20-ноябр кунлари Иордания пойтахти Аммон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган тақдимотларга тайёргарлик кўрилаётгани ҳам маълум қилинди. Ушбу тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни ривожлантириш, янги ҳамкорлик ташаббусларини илгари суришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўз навбатида, Иордания таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири Азми Маҳфаза Марказ фаолияти ва музей экспозисияларидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. У мажмуанинг меъморий ечими, мазмун-моҳияти ва тарихий меросни намоён этиш имкониятларини юқори баҳолади.

Вазирнинг таъкидлашича, экспозисиялар Ўзбекистон, Иордания ва бошқа минтақа мамлакатларини боғлаб турган тарихий алоқаларнинг чуқурлигини англаш имконини беради. Шунингдек, у икки халқ муштарак тарих ва буюк олимлар меросига эга эканини қайд этиб, бу каби масканларнинг миллий тарих, диний ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга етказишдаги аҳамиятига тўхталди.

Азми Маҳфаза Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Қироли Абдулла ИИ раҳбарлигида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини ҳам таъкидлади. Олий даражадаги ташрифлар ва эришилган келишувлар таълим ҳамда маданий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратаётгани қайд этилди.

Учрашув якунида Иордания делегасияси раҳбари Азми Маҳфазага Марказ номидан эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, вазир Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдини ёзиб қолдирди.

Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги илмий-маърифий ва маданий алоқаларни кенгайтириш, муштарак тарихий меросни ўрганиш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари бўйича мулоқот майдони бўлди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида илмий-маърифий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди | Effect.uz