Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги ёнғинда ҳалок бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади Ватанга олиб келинди.
«Дунё» ахборот агентлиги хабар беришича, Олмаотанинг Бостанлиқ туманидаги барак типидаги турар жой биносида содир бўлган ёнғин оқибатида беш киши, жумладан, икки нафар ўзбекистонлик — Т.И. ва К.Э. ҳалок бўлган. Яна тўққиз киши омон қолган.
Марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш учун мамлакатнинг Олмаотадаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги кўмагида, Бостанлиқ тумани ҳокимлиги ва полиция департаменти ёрдамида зарур ҳужжатларни расмийлаштирган.
Барча ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилганидан сўнг, марҳумларнинг жасадлари кеча Олмаота аеропортидан Нукус шаҳрига жўнатилган.




