Россия пойтахти Москвадаги «Систерс» клубида полиция томонидан ўтказилган рейд давомида 12 нафар хорижий фуқаро ушланган. Улар орасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари борлиги хабар қилинди.
Россиянинг Маш Телеграм-канали маълумотига кўра, клубда дўстларидан бирининг туғилган куни муносабати билан ёпиқ тадбир ташкил этилган. Полиция ходимлари тадбирни тўхтатиб, иштирокчиларни текширув учун олиб кетган.
Хабарларда ушланган шахслар трансгендерлар экани, шунингдек, улар пул эвазига интим хизматлар кўрсатгани иддао қилинган. Уларнинг Россияда миграция қонунчилигини бузган ҳолда бўлгани ҳам айтилмоқда.
Айрим Россия нашрлари ушланган хорижий фуқаролар мамлакатдан чиқариб юборилишини ёзган. Бироқ уларга нисбатан қабул қилинган якуний қарор ва ташкилотчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши масаласи бўйича ҳозирча расмий маълумот йўқ.
Мазкур хабарлар дастлаб Маш Телеграм-канали тарқатган маълумотларга асосланган.




