Qorong‘i rejim
Сиёсат

«Нега кийимда юрибди, иштонигача ечиб олиш керак!»: Қашқадарёда прокуратурадан чиққан ҳоким фермерни ер билан битта қилди

Akmal Eshonxonov25 кўришлар
«Нега кийимда юрибди, иштонигача ечиб олиш керак!»: Қашқадарёда прокуратурадан чиққан ҳоким фермерни ер билан битта қилди

Фермер пахта режасини бажармади — бунинг учун унга талаб қўйиш мумкин. Пахтани ўз вақтида териб олмади — бу ҳолатга мутасаддилар муносабат билдириши табиий.

Аммо: Фермерни ҳақорат қилиш, шахсий қадр-қимматини камситиш, кийимига аралашиш ва таҳдид қилишга кимнинг ҳаққи бор?

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига тақдим этилган аудиоёзувда Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюновга тегишли экани айтилган овозда фермер — «ШУҲРАТ НУРОБОД» фермер хўжалиги раҳбари Отабек Уроловга нисбатан ўта қўпол ва ҳақоратомуз иборалар ишлатилган.

Аудионинг ҳақиқийлиги, овоз эгаси ва суҳбатнинг тўлиқ контекстига ваколатли органлар ҳуқуқий баҳо бериши лозим. Бироқ аудиодаги айрим гаплар шунчаки «пахта терими бўйича танқид» доирасидан анча четга чиқиб кетгани кўринади.

«Нега кийимда юрибди? Иштонсиз юриши керак...»

Аудиодаги энг оғир ва жамоатчилик эътиборини талаб қиладиган эпизодлардан бири — фермернинг нафақат иш фаолияти, балки шахсий қадр-қиммати ва кийимигача тилга олинганидир.

Аудиода: «Нима учун кийимда юрибди, иштонсиз к**яланг юриши керак. Кийимигача ечиб олиш керак», — деган мазмундаги гаплар айтилган.

Бу ерда масала энди пахта терими ҳақида эмас. Фермер пахтани тердими ёки йўқми — алоҳида масала. Режа бажарилдими — алоҳида масала.

Аммо инсонни кийимигача ечиб олиш ҳақида гапириш, унинг шахсий қадр-қимматини таҳқирлашгача бориш мутасадди раҳбарнинг ваколатига кирадими?

Бу саволга Ғузор туман ҳокимлиги ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аниқ жавоб бериши керак.

Пахтаси 20 сантиметрга ҳам етмаган майдонлар. Терилмай қолган ҳосил. Молиялаштириш ва ресурслар билан боғлиқ саволлар. Ва ниҳоят, фермерга нисбатан ўта ҳақоратли ва таҳдидомуз гаплар акс этган аудио. Ғузордаги пахта атрофида саволлар тобора кўпаймоқда.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида фермер хўжаликларидаги вазият юзасидан ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига келиб тушаётган маълумотлар бир-биридан жиддийроқ саволларни юзага чиқармоқда. Бу воқеа бир кунлик можаро эмас.

Унинг ортида пахта ҳосили, фермернинг молиявий аҳволи, банк маблағлари, ресурслар, режалар, назорат ва энг муҳими — мансабдор шахснинг фермерга муносабати билан боғлиқ бир нечта масала турибди.

«Пахтани кўриб йиғламанг! Кўзни очинглар»

Аввалроқ ЭФФЕЦТ.УЗ томонидан «ПАХТАНИ КЎРИБ ЙИҒЛАМАНГ! КЎЗНИ ОЧИНГЛАР» сарлавҳаси остида материал эълон қилинган эди.

Унда ЭФФЕЦТ.УЗ раҳбари Акмал Эшонхонов Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги пахта далаларида юзага келган аянчли ҳолатни танқид қилган.

Материалда айрим пахта майдонларида ўсимликлар ҳатто 20 сантиметрга ҳам етмагани, ҳосилнинг далаларда терилмай қолаётгани ва нобуд бўлиш хавфи борлиги кўрсатилган. Бу эса фермерлар учун нафақат моддий, балки маънавий зарар ҳам келтириши мумкинлиги таъкидланган.

ЭФФЕЦТ.УЗ материалида вазият тумандаги назоратнинг етарли эмаслиги, мансабдорларнинг масъулияцизлиги, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва фермерларни қийин аҳволда қолдираётган омиллар нуқтаи назаридан танқид қилинган.

Шунингдек, фермерга банк томонидан зарур маблағ ва ресурслар ўз вақтида етарли ажратилмагани ҳақида ҳам масала кўтарилган.

Яъни пахта даласидаги ҳолатни фақат «фермер пахтани термади» деган битта сабаб билан тушунтириб бўлмаслиги айтилган. Бир марта берилган ёрдам билан бутун мавсум давомида пахта етиштириш жараёнини таъминлаб бўлмайди.

Бунинг учун молия, техника, ресурс, агротехника, сув ва бошқа омиллар бир вақтда ишлаши керак. Аммо кейинги воқеа масалани янада кескинлаштирди.

Фермернинг пахтаси терилмагани учун ҳақорат қилиш мумкинми?

Таҳририятимизга келиб тушган аудиозаписда Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюновнинг овози экани аниқланган суҳбатда «ШУҲРАТ НУРОБОД» фермер хўжалиги раҳбари Отабек Ўролов билан мулоқот акс этган.

Аудио мазмунига кўра, суҳбатда асосий эътироз фермернинг пахта терими ва режа бажарилиши билан боғлиқ. Бироқ мулоқот оддий танбеҳ доирасидан чиқиб кетади.

Ҳоким фермерга нисбатан бир неча бор ўта ҳақоратли сўзларни ишлатади.Жумладан: «Қ**** борми санга пахта теролмасанг, нима фермер бўлиб юрибсан?» деган мазмундаги ҳақоратли иборалар эшитилади. Суҳбат давомида фермернинг 20-ноябрга келиб пахтасини термагани ҳам тилга олинади.

Бироқ гап фақат пахта ҳақида эмас. Аудиода фермерни камситиш, унинг шаънига тегиш, жисмоний зўравонлик мазмунидаги таҳдидлар ва маҳаллада шарманда қилиш билан қўрқитишга ўхшаш иборалар ҳам бор.

Жумладан: «Шармандангни чиқараман сани, оғайни, маҳаллангда...» деган гаплар эшитилади. Шунингдек, фермернинг хонадонига бориш, буюмларини олиб чиқиб кетиш мазмунидаги таҳдидлар ҳам мавжуд.

Аудиода яна фермернинг кредит қарзлари ва фермерлик фаолияти ҳақида ҳам кескин гаплар айтилган. Энг оғир жиҳатлардан бири — фермерга нисбатан жисмоний зўравонлик билан боғлиқ очиқдан-очиқ ҳақорат ва таҳдидлар ишлатилганидир.

«Пахта терими» масаласи бунга асос бўла оладими?

Албатта, фермер пахта етиштириш ва белгиланган режани бажариш бўйича мажбуриятларга эга. Агар фермер хўжалиги режани бажармаган бўлса, бу ҳолатни мутасадди идоралар ҳужжатлар асосида ўрганиши ва қонун доирасида чора кўриши мумкин.

Аммо савол бошқача: Бу фермерни ҳақоратлаш ва таҳдид қилиш ҳуқуқини берадими?

Ҳоким фермердан ҳисоб сўраши мумкин. Режани бажаришни талаб қилиши мумкин.

Муаммони бартараф этиш бўйича топшириқ бериши мумкин. Аммо мансабдор шахснинг фермер билан мулоқоти ҳақорат, камситиш ва таҳдидга айланса, масала энди пахта режасидан анча кенгайиб кетади.

Чорихон Қодиров: «Ваколат доирасидан четга чиқиб кетяпти»

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров аудиони эшитгани ва вазиятдан хабардор бўлганини билдирди.

Унинг фикрича, ҳоким фермернинг пахта терими, режа бажарилиши ёки хўжалик фаолиятини муҳокама қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу ҳуқуқ фермерни ҳақорат қилишни англатмайди.

«Ҳоким, раҳбар сифатида фермер хўжалиги бошлиғини: “Пахтани нега териб олмадинг? Нега режани бажармадинг?” деган масалада муҳокама қилиши мумкин. Лекин бу ерда ўзининг ваколат доирасидан четга чиқиб кетяпти».

Қодировнинг таъкидлашича, шахсни ҳақорат қилиш учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари белгиланган.

У бу воқеани Ғузордаги алоҳида ҳолат сифатида эмас, айрим ҳудудларда такрорланаётган муаммонинг бир кўриниши сифатида баҳолайди.

«Бу — биргина Ғузор ҳокими билан боғлиқ эмас»

Бош ҳуқуқшуноснинг айтишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ҳокимларнинг фермерлар, тадбиркорлар ва айрим фуқароларга нисбатан ҳақоратли муносабатлари акс этган ҳолатлар кўпаймоқда.

Унинг фикрича, бундай ҳолатларнинг давом этишига сабаблардан бири — мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилмаётганидир.

«Ҳақоратларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилмайди, чора кўрилмайди. Шундан кейин ҳокимлар талтайиб кетади».

Қодировнинг фикрича, ҳокимнинг лавозими уни қонун олдидаги жавобгарликдан озод қилмаслиги керак. Айниқса, унинг таъкидлашича, Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов аввал прокуратура тизимида ишлаган.

«Бекзод Суюнов ўзи аслини олиб қараса, прокуратурадан чиққан. Ғузор туманида ўзи олдин прокурор бўлиб ишлаган. Ҳамма қонунларни билмаса ҳам, Бекзод Суюнов яхши билади».

Ҳуқуқшунос шу сабабли ҳокимнинг ўз ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериши керак бўлган нормаларни яхши билиши лозимлигини таъкидлайди.

Нега фақат ҳайфсан билан чекланиши керак?

Чорихон Қодиров айрим ҳудудларда ҳокимларнинг фермерларни ҳақорат қилгани учун фақат интизомий чора билан чекланилаётганини ҳам танқид қилди.

У Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги айрим ҳолатларни мисол қилиб келтириб, агар мансабдор шахс ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлса, масала фақат ҳайфсан билан ёпилмаслиги кераклигини таъкидлади.

«Ҳоким ҳақорат қиляпти, маъмурий ҳуқуқбузарлик фақат. Ёки хизмат текшируви натижасига қараб, балки жиноят қилаётгандир. Бу ҳолат бўйича қонун нормаларини тўғри татбиқ қилиб, ҳокимга ҳайфсан бериб қўйиш билан чекланмаслик керак».

Ҳуқуқшунос прокуратура органларининг бу борадаги ҳаракатларига ҳам савол қўяди.

Унинг фикрича, мансабдор шахс фермерни ҳақорат қилган бўлса, бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши, тегишли материаллар ўрганилиши ва қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўрилиши лозим.

«Прокуратура ҳуқуқий баҳо бериши керак»

Қодиров, хусусан, Ғузордаги ҳолат ҳали долзарб эканини таъкидлаб, Қашқадарё вилояти прокуратураси аудиоёзувни ўрганиши зарурлигини айтди.

«Ҳали иссиқда турибди-ку. Қашқадарё вилоятининг прокурори, агар қонунларни амалиётга тўғри татбиқ қиламан деса, Ғузор тумани ҳокимига нисбатан ... маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатиш учун материаллар етарли. Чора кўришини сўраймиз».

ЭФФЕЦТ.УЗ бу ҳолат бўйича прокуратура органларининг расмий муносабатини ҳам кутади.

Асосий савол: Пахта нега бундай аҳволга келиб қолди?

Аслида, бу воқеада энг муҳим саволлардан бири ҳокимнинг кимни ҳақорат қилгани билан чекланмаслиги керак.

Пахта нега 20 сантиметрга ҳам етмаган?

Нега ҳосил далаларда қолиб кетган?

Нега фермер ўз мажбуриятларини бажара олмаган?

Маблағ ўз вақтида берилганми?

Банк кредит маблағларини тўлиқ ва ўз вақтида ажратганми?

Техника ва ресурслар етарлими?

Сув таъминоти қандай бўлган?

Фермерга агротехник тадбирларни амалга ошириш учун шароит яратилганми?

Ёки барча муаммони фермернинг ўзига юклаш осонроқми?

Агар фермер ҳақиқатан ҳам мажбуриятларини бажармаган бўлса, буни ҳужжатлар кўрсатади. Агар фермерга зарур ресурслар берилмаган бўлса, буни ҳам ҳужжатлар кўрсатади.

Шунинг учун ҳақиқатни қичқириқ ёки ҳақорат эмас, рақам ва ҳужжатлар кўрсатиши керак.

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятининг саволлари

Ушбу ҳолат юзасидан қуйидаги саволлар очиқ қолмоқда:

— «ШУҲРАТ НУРОБОД» фермер хўжалигига қанча пахта топшириш режаси белгиланган?

— 20-ноябр ҳолатига келиб режанинг қанча қисми бажарилган?

— Фермер хўжалигига қанча кредит ва бошқа маблағ ажратилган?

— Бу маблағлар қачон ва қандай миқдорда берилган?

— Пахтанинг айрим майдонларда 20 сантиметрга ҳам етмай қолишига нима сабаб бўлган?

— Фермернинг кредит қарздорлиги қанча?

— Фермерга зарур техника, ёқилғи, ўғит ва бошқа ресурслар ўз вақтида берилганми?

— Ғузор тумани ҳокими билан фермер ўртасидаги аудиоёзув қайси ҳолатда ёзиб олинган?

— Аудиода эшитилаётган ҳақорат ва таҳдидлар бўйича ҳокимликнинг позицияси қандай?

— Қашқадарё вилояти прокуратураси мазкур аудиони ўрганадими?

— Агар аудиода акс этган ҳолат тасдиқланса, мансабдор шахснинг ҳаракатларига қандай ҳуқуқий баҳо берилади?

Таҳририят позицияси

ЭФФЕЦТ.УЗ фермернинг пахта бўйича мажбуриятларини бажарган ёки бажармаганини олдиндан оқлаётгани йўқ. Агар фермер хўжалиги режани бажармаган бўлса, бу ҳолат қонун доирасида ўрганилиши керак.

Аммо фермернинг камчилиги борлиги уни ҳақоратлаш учун рухсатнома эмас. Ҳоким фермердан ҳисоб сўраши мумкин. Режани бажаришни талаб қилиши мумкин.

Қонунбузарлик бўлса, тегишли чора кўришни талаб қилиши мумкин. Лекин ҳақорат ва таҳдид — давлат бошқарувининг усули эмас.

Айниқса, гап оддий фуқаро ҳақида эмас, балки давлат ҳокимияти вакили билан фермер ўртасидаги муносабат ҳақида кетяпти.

Шунинг учун бу воқеага ҳам, пахта далаларидаги ҳолатга ҳам холис ва ҳуқуқий баҳо берилиши керак. Биз бир томонни ҳимоя қилиш ёки иккинчи томонни айблаш учун эмас, саволларга жавоб излаш учун материал тайёрлаяпмиз.

Ғузордаги пахта далаларида нима бўлди? Фермер нима учун ҳосилни ўз вақтида теролмади? Маблағ ва ресурслар етарли бўлдими? Назорат кимнинг зиммасида эди?

Ва энг муҳими:

Фермерни ҳақоратлаш билан пахта муаммоси ҳал бўладими?

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририяти ушбу саволларга Ғузор тумани ҳокимлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, прокуратура органлари, банк ва бошқа фермер хўжалиги раҳбарларининг позициясини эшитишга тайёр.

Чунки бу ерда гап фақат бир фермер ҳақида эмас.

Гап — фермерга қандай муносабатда бўлиш ҳақида.

Гап — давлат мансабдорининг масъулияти ҳақида.

Ва гап — қонун ҳамма учун бир хил ишлаши ҳақида.

Прокурорликдан ҳокимликка — ва бугунгача Ғузор ҳокими

Бекзод Суюнов Ғузор тумани прокурори лавозимида ишлаб келган. 2020-йил 10-апрел куни эса у прокуратура тизимидан туман ҳокимлигига ўтиб, Ғузор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Шундан сўнг Бекзод Суюнов Ғузор тумани ҳокими сифатида шу кунга қадар фаолият юритиб келмоқда.Яъни, у прокурорлик лавозимидан туман ҳокимлигига кўтарилган ва бугунга қадар Ғузор туманига раҳбарлик қилиб келмоқда.

2026-ЙИЛ 24-АПРЕЛ: ҒУЗОР ҲОКИМИ ЯНА ТАНҚИД ҚИЛИНГАН

Қизиғи, Бекзод Суюнов фаолияти билан боғлиқ танқидий ҳолат бугунги воқеадан аввал ҳам жамоатчилик эътиборига тушган.

2026-йил 24-апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ғузор тумани ҳокими ҳам танқид қилинган.

Йиғилишда Ғузор тумани ҳокими тадбиркорлик инфратузилмаси учун берилган маблағга ҳалигача лойиҳа бошламагани таъкидланган.

Шундан сўнг Президент:

«Аравасини торта олмаётган бўлса», бугуннинг ўзида лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш

бўйича топшириқ берган.&нбсп;Бу ҳолат ҳам алоҳида саволларни юзага келтиради.

2020-йилдан буён Ғузор туманига раҳбарлик қилиб келаётган ҳокимнинг фаолияти 2026-йилда Президент даражасида танқид қилинган. Орадан вақт ўтиб эса, энди фермерга нисбатан ҳақорат ва камситишлар акс этгани айтилган аудиоёзув жамоатчилик муҳокамасига чиқмоқда.

Шу нуқтаи назардан, масалага фақат битта аудио ёки битта фермер билан боғлиқ можаро сифатида эмас, мансабдор шахснинг узоқ йиллик бошқарув услуби ва қуйи бўғиндаги фуқаролар ҳамда тадбиркорлар билан муносабати нуқтаи назаридан ҳам қараш муҳим.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Нега кийимда юрибди, иштонигача ечиб олиш керак!»: Қашқадарёда прокуратурадан чиққан ҳоким фермерни ер билан битта қилди | Effect.uz