Ўзбекистоннинг 300 миллиард долларлик иқтисодиётга эришишида логистика ҳал қилувчи омиллардан бири сифатида кўрилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Чуқурсой қуруқлик портидаги лойиҳалар билан танишар экан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар берди.
Президент Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовни чақириб, бу йўналишда аниқ топшириқлар берган. Чуқурсойдаги лойиҳалар билан бир қаторда Андижон, Самарқанд, Навоий ва бошқа ҳудудлардаги йирик логистика лойиҳаларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланган.
«Логистика бўлмаса, товар алмашмаса, иқтисодиёт юрмайди. Биз 300 миллиард қилолмаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари логистика масаласи фақат Чуқурсой билан чекланмаслиги, йирик лойиҳаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган.
«Керак бўлса, икки-уч кун қолиб, келганингдан кейин бу ерда бу билан гаплаш. Ҳамма портларга йўлим бор, Европада складим бор», — деган фикрлар ҳам билдирилган.

Айни пайтда Тошкентдаги Чуқурсой қуруқлик порти ва терминалларида ишлар бошланган. Лойиҳани халқаро стандартлар асосида кенгайтириш ва уни 24 давлатни қамраб олган глобал логистика тармоғига интеграция қилиш режалаштирилмоқда.
Тошкент терминалини халқаро портлар билан тўғридан-тўғри логистика кўприги орқали боғлаш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини Африка, Ҳиндистон, Форс кўрфази ҳамда Европа бозорларига етказиб бериш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.
Шу нуқтаи назардан, Чуқурсой, Андижон, Самарқанд ва Навоий каби йирик логистика лойиҳалари Ўзбекистоннинг минтақавий логистика хабига айланиш стратегиясида муҳим ўрин тутиши мумкин.




