Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида ўз хонадонида 12 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериб келган шахс аниқланди. У ҳар бир бола учун ойига 100 доллардан пул олган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1988-йилда туғилган фуқаро ўз уйида ноқонуний ҳужра ташкил этиб, болаларга диний сабоқ бериб келган. Текширув давомида ҳужрада санитария-гигиена талабларига риоя қилинмагани ҳам аниқланган.
Болаларнинг бир нафари Самарқанд, уч нафари Наманган вилоятидан, саккиз нафари эса Тожикистондан бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янги Наманган тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 229²-моддаси 2-қисми (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




