Шахсни ҳақорат қилиш ҳолати учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд. Жазо ҳақоратнинг шакли, такрорийлиги ва содир этилган ҳолатларга қараб белгиланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ёки уни беодоблик билан қасддан таҳқирлаш учун 8 миллион 800 минг сўмдан 17 миллион 600 минг сўмгача жарима белгиланган. Бу БҲМнинг 20–40 бараварига тенг.
Агар шахс маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида яна ҳақорат қилса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жиноят кодексининг 140-моддасига мувофиқ, бундай ҳолатда:
88 миллион сўмгача жарима;
240 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиши мумкин.
Ҳақорат нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, жумладан, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки интернет орқали содир этилса, маъмурий жазо қўлланилишини кутиш талаб этилмайди. Бундай ҳаракат учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ушбу ҳолатда айбдорга:
88 миллион сўмдан 176 миллион сўмгача жарима;
240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиши мумкин.
Агар ҳақорат жабрланувчининг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши билан боғлиқ ҳолда содир этилса ёки уни хавфли рецидивист, шунингдек, туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс содир эца, жазо янада оғирлашади.
Бундай ҳолатлар учун:
176 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача жарима;
2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
1 йилгача озодликни чеклаш жазоси назарда тутилган.




