Ўзбекистонда жарима балларини ҳисоблаш тартиби жорий этилганидан буён 4 минг нафардан ортиқ ҳайдовчи 12 баллдан кўп жарима балли тўплаган. Улар суд қарори билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Бу ҳақда 28-ноябр куни ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.
ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошевнинг айтишича, жарима баллари тизими жорий этилганидан кейин мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари, инсонлар ўлими ва ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари камайган.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йил 1-июндан ЙПХ ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12 та моддаси асосида расмийлаштирилган баённомалар бўйича жарима баллари ҳисоблана бошлаган.
2026-йил 1-апрелдан эса қоидабузарликларни автоматик қайд этувчи қурилмалар орқали аниқланган тўрт турдаги қоидабузарлик — светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, йўлнинг қарама-қарши бўлагида ҳаракатланиш ҳамда тезликни ошириш учун ҳам жарима баллари ҳисобланиши белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34¹-моддасига кўра, бир йил давомида 12 балл тўплаган ҳайдовчи камида олти ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.




