Ўзбекистонда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида спорт масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил этилади. Бу Президентнинг 16-ноябрдаги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, маслаҳатчи этиб Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси ижрочи директори белгиланади. У тегишли ҳокимликлар томонидан Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.
Маслаҳатчининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
аҳоли, айниқса ёшларни оммавий спортга жалб этиш ва бу борада туман-шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорлик қилиш;
олис ва чекка маҳаллаларда спорт иншоотларини барпо этиш, мактаблар ва спорт муассасаларида тўгараклар фаолиятини кенгайтириш;
«Президент Олимпиадаси» мусобақаларининг ҳудудий босқичларини ташкил этиш;
ҳудудий терма жамоаларнинг республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш;
маҳаллий ҳокимликларнинг Спорт вазирлиги, олимпия ва паралимпия қўмиталари ҳамда спорт федерациялари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
Қарорда мактабларда камида биттадан спорт тўгараги ташкил этилиши ҳам белгиланган. Шунингдек, 2027-йил 1-январдан «ЕРП спорт» тизими орқали спорт мусобақалари ғолиблари ва совриндорларига ҚР-кодли диплом ҳамда сертификатлар электрон шаклда берилади.




