Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида танишининг шахсий маълумотларини яқин қариндошларига тарқатиш билан қўрқитиб, ундан 20 млн сўм талаб қилганликда гумонланаётган аёл ушланди. У талаб қилинган пулнинг 10 млн сўмини олаётган вақтда қўлга олинган.
Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026-йил 4-ноябр куни фуқаро Тошлоқ тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унда таниши сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни яқин қариндошларига ошкор қилиш ва шу орқали шарманда қилиш билан қўрқитиб, 20 млн сўм талаб қилаётганини билдирган.
Мурожаат асосида туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан тадбир ўтказилган. Унда гумонланувчи аёл Тошлоқ туманидаги тўйхона олдида талаб қилинган пулнинг 10 млн сўмини олаётган вақтда ушланган. Мазкур маблағ ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




