Qorong‘i rejim
Сиёсат

ДХХ генерали ва олти нафар собиқ полковник узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди

Akmal Eshonxonov81 кўришлар
ДХХ генерали ва олти нафар собиқ полковник узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди

Ўзбекистон Ҳарбий суди ДХХ раисининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Ғайратулла Ёзиевни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Езгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Ғайратулла Ёзиев 2024-йил декабридан 2026-йил мартига қадар ДХХнинг Шахсий хавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган.

У Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш), шунингдек, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракацизлиги билан боғлиқ модда бўйича айбли деб топилган.

Суд мазкур иш доирасида ДХХнинг яна олти нафар собиқ полковнигига ҳам узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган:

  • Алижон Ашуров — товламачилик, суд ишларига аралашиш ва пора олиш айбловлари бўйича 17 йил;

  • Музаффар Нурбоев — ҳужжатларни қалбакилаштириш, қийноққа солиш, суд ишларига аралашиш ва талон-торожлик айбловлари бўйича 17 йил;

  • Темур Шорисқиев — товламачилик, суд ишларига аралашиш ва пора олиш айбловлари бўйича 16 йил 6 ой;

  • Гончар Узоқов — худди шу айбловлар бўйича 16 йил 6 ой;

  • Сухроб Сайфитдинов — 16 йил;

  • О. Абдуллаев — 15 йил.

Хабарда айтилишича, жиноий гуруҳнинг яна бир қатор аъзолари — Валиев, Ўроқов, Бойсариев ва Шокировга нисбатан озодликни чеклаш, жарима ҳамда ахлоқ тузатиш жазолари тайинланган.

Маълум қилинишича, Ғайратулла Ёзиев бошчилигидаги ушбу жиноят иши Бош прокуратуранинг Коррупсияга қарши курашиш бошқармаси томонидан тергов қилинган. Судланувчилар 2026-йил баҳорида ҳибсга олинган.

Шунингдек, Ашуров, Сайфитдинов, Узоқов ва Шорисқиевга нисбатан Жанубий Корея билан боғлиқ, 90 миллион долларлик зарар ҳақидаги алоҳида жиноят иши бўйича ҳам суд ҳукми чиқарилгани хабар қилинган.

Бу ишдан ташқари, бир неча кун аввал Электрон технологияларни ривожлантириш маркази раҳбари, генерал-маёр Омониллахон Ҳожиакбаров ҳам 15 йилга озодликдан маҳрум қилингани маълум қилинган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

ДХХ генерали ва олти нафар собиқ полковник узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди | Effect.uz