Давлатга қарашли таълим ва тиббиёт муассасалари балансидаги боғлар ҳамда ер майдонларини хусусийлаштиришни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бу бўйича қонун лойиҳаси 2027-йил 20-январга қадар ишлаб чиқилиши керак.
Мазкур вазифа Президентнинг 11-ноябрдаги фармони билан тасдиқланган инсон қадрини юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурига киритилган.
Дастурга мувофиқ, давлат таълим ва тиббиёт ташкилотлари ҳудудида жойлашган, уларнинг балансидаги боғлар ва ер майдонларини хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланади.
Қайд этилишича, бу орқали «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, дастурда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказиш вазифаси ҳам белгиланган. Бироқ ушбу вазифани амалга ошириш муддати кўрсатилмаган.




