Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказига ташриф буюрди. Меҳмонлар музей экспозициялари билан танишиб, мажмуага юқори баҳо берди.
“Дунёдаги энг йирик Ислом сивилизацияси музейи” сифатида расман эътироф этилиб, Гуиннесс Wорлд Реcордс нинг нуфузли унвонига лойиқ кўрилган Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази бугун яна бир йирик халқаро делегацияни қабул қилди. Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров бошчилигидаги делегация Марказ фаолияти ва экспозициялари билан яқиндан танишди.
Марказ сўнгги вақтларда маҳаллий ва хорижий меҳмонлар оқими ортиб бораётган, янада гавжум ва жозибадор масканга айлангани алоҳида қайд этилди. Радий Хабиров учун мазкур ташриф илк эмас. У Марказга аввал, расмий очилиш маросимига қадар ҳам ташриф буюрганини, шунингдек, очилишдан кейин яна бир бор келганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳар сафар бу маскан унда илк ташрифдагидек кучли ва ёрқин таассурот қолдирмоқда.
Шунингдек, у рафиқаси Карине Хабирова билан биргаликда Марказда яратилган муҳит, мазмун ва тақдимот даражаси ҳар гал янги қирраларини очиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
Ташриф давомида делегацияни Марказ раҳбаряти уларнинг қайта ташрифидан мамнунлигини билдирди. Радий Хабиров эса Марказнинг Гуиннесс Wорлд Реcордс га киритилгани муносабати билан раҳбариятни алоҳида табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ушбу лойиҳа ҳақиқатан ҳам халқаро эътирофга муносиб эканини таъкидлади.
Делегация Марказ экспозициялари билан танишувни Исломдан аввалги давр бўлимидан бошлади. Бу ерда Қўйқирилган қалъа макети меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Милодий ИИ–ВИ асрларга мансуб ушбу ёдгорлик ўз даврида нафақат аҳоли манзилгоҳи, балки обсерватория вазифасини ҳам бажаргани билан алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.


Биринчи Ренессанс даври бўлимида Самарқанд қоғози, 1988-йилга оид Каъба ёпинчиғи ҳамда ХИИ–ХИВ асрларда Мисрда Мамлуклар даврида яратилган Каъба калитлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ушбу нодир экспонатлар ислом сивилизациясининг юксак маданий ва маънавий даражасини ёрқин намоён этувчи намуна сифатида баҳоланди.
Радий Хабиров, Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари:
«Бу ниҳоятда ҳайратланарли мажмуа, ҳақиқатан ҳам бетакрор. Бироқ унинг энг муҳим жиҳати фақат ташқи кўринишида эмас. Муҳтарам Президент Шавкат Миромоновичнинг бу марказ ҳақидаги фикрлари билан танишганимда, улар қалбимга чуқур таъсир қилди. Чунки мажмуанинг асосий мақсади — Ислом динининг ҳақиқий, маърифатпарвар ва гуманистик моҳиятини кенг жамоатчиликка намоён этишдан иборат. Зеро, Ислом аслида инсонпарварлик, эзгулик, илм-маърифат ва тараққиётга чорловчи буюк диндир. Мен бу фикрни Ўзбекистон Президенти билан учрашув чоғида ҳам алоҳида таъкидлаганман. Барча ишлар айнан шу ғояга асосланиб амалга оширилаётгани айниқса аҳамиятлидир.
Мен бу қадар гўзал ва мукаммал иншоотни илгари кўрмаганман. Бу ерга учинчи бор ташриф буюришим ҳам бежиз эмас. Ҳатто қурилиш жараёнида ҳам икки маротаба келиб, жараён билан яқиндан танишганман. Бу маскан қалбимга яқин бўлиб қолган ва у ерга яна қайта келиш истагини уйғотади.
Айниқса, бу ерда Ислом оламининг энг улуғ муқаддас ёдгорликларидан бири — Усмон Қуръони сақланаётгани ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат мусулмонлар, балки барча зиёли инсонлар учун катта маънавий ва илмий қадриятдир. Биз ҳам Қуръоннинг замонавий нусхасини тайёрлаганмиз ва уни Уфа шаҳридаги музейимизда эҳтиётлаб сақлаймиз. Шу боис бу масканга нафақат мусулмонлар, балки турли соҳалар вакиллари ҳам қайта-қайта ташриф буюришлари табиий.

Музей экспозицияси жуда пухта ва замонавий талаблар асосида ташкил этилган. Бу ерда анъанавий санъат намуналари — мозаика, ёғоч ўймакорлиги каби йўналишлар замонавий технологиялар билан уйғунлашган ҳолда намоён этилган. Бундай ёндашув ёш авлодга ўз тарихи ва сивилизациясини замонавий, таъсирчан шаклда етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, марказнинг меъморий ечими, ҳар бир жиҳатининг пухта ўйлангани ва мазмунан бойлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Маълумки, марказ яқинда — март ойида фаолиятини бошлади. Табиийки, вақт ўтиши билан у янги экспонатлар ва артефактлар билан янада бойиб боради. Демак, бу маскан доимий ривожланиш жараёнида бўлади. Масалан, бугун мен гувоҳ бўлган меппинг-шоу аввал мавжуд эмас эди. Шу боис, ҳар бир ташриф давомида янги жиҳатларни кашф этиш имконияти пайдо бўлади, деб ҳисоблайман.

“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида тақдим этилган 2050-йилгача бўлган тараққиёт стратегияси делегация аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Улар бу ерда тарих ва келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни яққол ҳис қилганликларини таъкидладилар.
Ташриф давомида делегация Марказнинг ҳар бир жиҳатида давлат раҳбарининг ташаббуси ва бевосита эътибори мужассам эканини алоҳида эътироф этди. Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров Фахрий меҳмонлар китобига ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдириб, Марказнинг илмий, маънавий ва маданий аҳамиятини юксак баҳоладилар.




