⚠️ DIQQAT: Sayt test rejimida ishlamoqda!⚠️ DIQQAT: Sayt test rejimida ishlamoqda!
Жамият

Ўзбекистонда жинсий жиноятлар тергови прокуратурага ўтиши мумкин

Administrator19-aprel, 2026, 19:2894 кўришлар
Ўзбекистонда жинсий жиноятлар тергови прокуратурага ўтиши мумкин

Ўзбекистонда жинсий эркинликка қарши жиноятларни тергов қилиш тизимини ислоҳ қилиш кўзда тутилмоқда. Депутатлар бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратурага ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди.

Мажлисда сўзга чиққан бош прокурор биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик, айниқса жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сони юқорилигича қолаётганини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, 2025-йилда 221 нафар аёлга зўравонлик, 227 нафар 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан шаҳвоний ҳаракатлар ва жинсий жиноятлар содир этилган.

Шу билан бирга, амалиётда жинсий эркинликка қарши жиноятларни тергов қилиш жараёнида қатор муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Хусусан, айрим ҳолатларда қонун нормаларининг нотўғри қўлланиши ҳамда жабрланувчилар ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланмаслиги кузатилмоқда.

Шу муносабат билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида жинсий эркинликка, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органларига ўтказиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида прокуратура органларининг ваколатларини кенгайтириш, уларга бундай жиноятларни аниқлаш, дастлабки терговни олиб бориш ва жазони ижро этиш устидан назоратни кучайтириш вазифалари юклатилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, мансабдор шахслар томонидан содир этилган, айниқса инсон ўлимига олиб келган жиноятларни тергов қилиш амалиётини такомиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида жазони ўташ тартибини қатъийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддалари билан вояга етмаганларга нисбатан жиноят содир этган шахсларни манзил-колонияларга ўтказмаслик тартиби жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур ўзгартиришлар аёллар ва болалар ҳуқуқларини янада кучли ҳимоя қилиш, жинсий зўравонлик жиноятларини фош этиш ва тергов сифатини ошириш, шунингдек жазонинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар