Хоразм вилояти Урганч шаҳрида жойлашган аквапарк обектининг ноқонуний тарзда олиб қўйилиши ва бозор қийматидан бир неча баравар арзон нархда сотилгани юзасидан жиддий даъволар илгари сурилмоқда.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 6-июлдаги 515-сонли қарорига асосан Урганч шаҳридаги “Авесто” боғи ҳудудида жойлашган, майдони қарийб 1 гектар бўлган аквапарк дастлаб Сапаев Бобожонга “0” қийматда (хизмат кўрсатиш шарти асосида) берилган.

У ушбу мулкни қонуний тартибда расмийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтказган ҳамда шу яқингача солиқ тўловларини амалга ошириб келган.


Яна бир эътиборли ҳужжат: 2018-йил Урганч шаҳар ҳокими Одилбек Сапаев айни пайтда давлат идораларининг совуққонлиги оқибатида жабрланаётган тадбиркор Бобожон Сапаевга “Авесто” боғ мажмуаси ҳудудида жойлашган қурилиши тугалланмаган “Аквапарк” болалар ўйингоҳига эгалик ҳуқуқини тан олиш ва ер майдонларига доимий фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор чиқарган, кадастр ҳужжатлари шакллантирилган.


Бироқ тадбиркор Сапаевнинг таъкидлашича, кейинчалик обект қиймати кескин ошгани ортидан ушбу мулк “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мансабдорларига зарур бўлиб қолган ва турли, ҳуқуқий кучга эга бўлмаган ҳужжатлар асосида ундан тортиб олинган.


Шундан сўнг мазкур обект давлат улуши 100 фоиз бўлган жамият балансига ўтказилиб, амалдаги тартибларга зид равишда электрон ауксион орқали эмас, балки тўғридан-тўғри музокара орқали билан сотилган. 2022-йил 6-июлда тузилган шартномага кўра, қиймати тахминан 1 млн АҚШ долларига тенг бўлган мулк 671 млн сўмга — яъни қарийб 50–55 минг долларга “МИРОВОЙ СТАНДАРТ СТРОЙ” МЧЖга реализация қилинган.

Урганч туманлараро иқтисодий судининг 29.09.2025 қарорига кўра “Хоразм Ҳудудий электр тармоқлари” ва “МИРОВОЙ СТАНДАРТ СТРОЙ” МЧЖ ўртасидаги ҳақиқий эмас деб топилган 36-сонли шартнома ҳақиқий эмас деб топилган. Ушбу шартноманинг вужудга келишида эса Хоразм ҲЕТнинг ўша вақтдаги бош директори Суҳроб Берегин бош-қош бўлган.
Бунга асос Берегин шартномада имзоси келтирилган Ш.Аллазаровга шартномани имзолаш учун ишончнома тақдим қилган. Ш.Аллазаров эса директор мақомида ушбу шартномани имзолаган. Натижада бу шартнома (юқоридаги суратда) ҳақиқий эмас деб топилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилояти бошқармасининг 2025-йил 24-июлдаги маълумотномасида ҳам ушбу савдо Президентнинг 5197-сонли қарорида белгиланган талаблар — яъни очиқ электрон ауксион орқали сотиш тартибига зид равишда амалга оширилгани қайд этилган.

Бундан ташқари, Сапаев аквапаркни олиб қўйиш жараёнида фойдаланилган ҳужжатлар расмий рўйхатдан ўтмаганини ва юридик кучга эга эмаслигини билдирган. Шунингдек, кейинги кадастр ҳужжатлари ҳам ноқонуний расмийлаштирилган бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Тадбиркор томон сўнгги тўрт йил давомида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа мутасадди идораларга юзлаб мурожаатлар йўллаган. Бироқ ҳозирга қадар ушбу ҳолат юзасидан аниқ ҳуқуқий чоралар кўрилмаган.


Хусусан, 2025-йил 31-октябрда вилоят прокурори Муроджон Аҳмедов томонидан берилган жавобда мазкур ҳолатда жиноят аломатлари аниқланмагани қайд этилган.

Эффеcт.узʻга йўлланган мурожаатда қайд этилишича, давлат мулкини бозор қийматидан бир неча баравар арзон нархда, ауксионсиз сотиш ҳолатига қарамай, масъул шахсларга нисбатан чора кўрилмаётгани шубҳали саволларни уйғотмоқда. Шу муносабат билан Сапаев мазкур ҳолатларни амалдаги жиноят иши доирасида ўрганиш, обектни давлат балансига қайтариш ҳамда айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўришни сўрамоқда.

Бундан ташқари, Сапаев аквапаркнинг ноқонуний олиб қўйилиши ва кескин арзон нархда сотилгани юзасидан Бош прокуратурага мурожаат тақдим этган.

Хусусан, мурожаатда алоҳида урғу сифатида 2026-йил 27-январдаги чиқишларда тилга олинган ҳолат эслатилади. Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ раҳбари Акмал Ортиқов томонидан давлат мулки ёпиқ ауксионда бозор қийматининг қарийб ярмига сотилгани учун жиноят иши қўзғатилгани шахсан Президент Шавкат Мирзиёев томонидан маълум қилинган. Эффеcт.уз ўрганаётган масала ҳам айнан агентликнинг собиқ мансабдори билан боғлиқ ишга қўшилиши мумкин.

Қайд этилишича, Сапаев Бобожон адвокати билан бирга Бош прокуратура ва бошқа тегишли органларга бир неча бор мурожаат қилган. Жумладан, мавжуд жиноят иши доирасида ишлаётган тергов гуруҳи раҳбарига ҳам аризалар тақдим этилган. Бироқ ҳозирга қадар мурожаатда келтирилган ҳолатлар бўйича аниқ чоралар кўрилмаётгани ҳақли эътирозларни пайдо қилмоқда.
Сапаевнинг адвокати Достонбек Болтаев мазкур фактларни амалдаги жиноят иши доирасида бирлаштириш, тўлиқ ва холис тергов ўтказиш, шунингдек, давлат манфаатларига етказилган зарар юзасидан ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.

ЭФФЕCТ.УЗ воқеалар ривожини ёритиш билан бирга тегишли идоралардан муносабат кутади.




Журналист: Акмал Эшонхонов Хоразмдан махсус



