Кадастр агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Жумабаев Бехзод Мадаминович Давлат кадастрлари палатаси раиси этиб тайинланди.
Бундан аввал ушбу лавозимни вақтинча бажариб келган Бекзоджон Каримов билан меҳнат шартномаси 29-октябр куни тарафларнинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинган эди.

ЭФФЕЦТ.УЗ манбасига кўра, Каримов Кадастрлар палатаси раиси ўринбосари ҳамда раис вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида атиги уч ой фаолият олиб борган. У 6-август куни бошқа ишга ўтган Моҳир Валиев ўрнида иш бошлаган эди.
Каримовнинг меҳнат шартномаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси Кадастр агентлиги директори Садриддин Турдиев имзолаган буйруқ асосида бекор қилинган. Ҳужжатда асос сифатида Меҳнат кодексининг 157-моддаси ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича қўшимча келишув кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, Бекзод Каримов лавозимда ишлаган даврида Тошкент тумани Қизғалдоқ МФЙ фуқароларининг мурожаати бўйича сайёр қабул ўтказиб, кўтарилган масалани беш иш куни ичида жойига чиққан ҳолда ўрганишга ваъда берган эди. Ушбу ҳолат юзасидан ЭФФЕЦТ.УЗ томонидан материал тайёрланган.
Энди эса Кадастрлар палатасига янги раҳбар — Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Бехзод Жумабаев тайинланди.




