Qorong‘i rejim
Жаҳон

Ая Софияда 9 та тарихий туннел аниқланди

Akmal Eshonxonov24 кўришлар
Ая Софияда 9 та тарихий туннел аниқланди

Истанбулдаги Ая София-и Кабир жоме масжидида реставрация ишлари давом этмоқда. Иншоот остидаги тарихий туннеллар ва ерости маконларини тозалаш, қазиш, ҳужжатлаштириш ҳамда мустаҳкамлаш ишларида сезиларли натижаларга эришилди. Реставрация жараёнида 420 метр узунликдаги ерости туннел йўлаги тозаланди. Айни пайтда тарихий сув таъминоти тизими ҳамда турли даврларга оид иншоотлар қолдиқларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар давом этмоқда.

Ая София илмий кенгаши аъзоси, профессор Аҳмет Гулечнинг маълум қилишича, иншоотнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган гипогей (ерости дафн иншооти) ва унинг атрофидаги ҳудудларда тозалаш ишлари қарийб икки йил аввал бошланган.

Унинг сўзларига кўра, устки қисми вайрон бўлиб, вақт ўтиши билан тупроққа тўлган иншоотлар тозаланиб, тарихий ерости маконлари қайта очилган. Ҳозиргача ушбу ҳудудда 6 та ерости макони ва 9 та туннел аниқланган.

Олимнинг фикрича, айрим макон ва туннеллар Рим даврига оид бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, улардан кейинги даврларда ҳам турли ўзгартиришлар киритилган ҳолда фойдаланилган. Бу борадаги тадқиқотлар давом этмоқда. Яқинда 2-рақамли туннел ҳам очилиб, унинг ички қисмларини ўрганиш ишлари бошланган.

“Биз бу ердан бир қатор намуналар олиб, уларни таҳлил қилмоқдамиз. Таҳлил натижалари асосида ушбу иншоот ҳақида қўшимча маълумотларга эга бўламиз. Ҳозирча фақат бу жой Рим давридаги атриум (ички ҳовли) инфратузилмасининг таркибий қисмларидан бири бўлганини айта оламиз”, - деди Гулеч.

Жанубга йўналган туннел тўғридан-тўғри Еребатан сув омборига олиб боради

Аҳмет Гулеч Ая Софиядаги энг узун туннелнинг 200 метрдан ортиқ қисмида тадқиқот ишлари олиб борилганини таъкидлади. Тарихий манбаларда қадимги Рим кўчаси Кичик Ая Софиядан Сарайбурнугача чўзилганини акс эттирувчи хариталар мавжуд. Бироқ олимнинг таъкидлашича, бу йўналиш ҳозирча тўлиқ тасдиқланмаган.

Тадқиқотлар давомида Еребатан сув омбори томон чўзилган туннел ҳам аниқланган. Белгиланган ҳудуд чегарасига етилгач, ушбу йўналишдаги ишлар тўхтатилган. Бундан ташқари, шимолга қараб чўзилиб, кейин ғарбга буриладиган яна бир туннел топилган.

Профессор Еребатан сув омборида ишлаётган мутахассислардан омбор ичидан Ҳиподром (От майдони) томон йўналган бошқа туннел ҳам мавжудлиги ҳақида маълумот олганини айтди.

“Биз дастлаб Ая Софияга яқин жойлашган туннелни очдик. Жанубга йўналган туннел эса тўғридан-тўғри Еребатан сув омборига олиб боради. Туннелларда йиллар давомида тўпланиб қолган лойқаларни тозалаганимиздан сўнг уларнинг йўналишини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бу ерда тахминан 3 фоизлик қияликка эга туннел мавжуд бўлиб, ҳозир ҳам Ая София остидан сув оқиб келмоқда. Бу сув Еребатан омборига қуйиладиган табиий булоқдан ёки Боздоғон акведукининг сув тақсимлаш тармоғидан келаётган бўлиши мумкин. Унинг аниқ манбаси ҳозирча номаълум”, - деди Гулеч.

Ерости иншоотларидан қарийб 3 минг тонна тупроқ ва қурилиш қолдиқлари чиқарилди

Профессор Аҳмет Гулечнинг маълум қилишича, реставрация давомида ерости иншоотларидан қарийб минг куб метр ёки тахминан 3 минг тонна тупроқ, лойқа ва қурилиш қолдиқлари чиқарилган. Ушбу материаллар йиллар давомида тўпланиб, илгари устки қисми шикастланган иншоотларни тўлдириш ва ер юзасини текислаш учун ишлатилган.

Ушбу қатламларнинг тозаланиши натижасида узоқ вақт тупроқ остида қолган тарихий иншоотлар қайта очилмоқда. Гулеч туннелларни сайёҳлар учун очиш масаласига тўхталди.

“Бу жойларни ташриф буюрувчилар учун очишдан аввал ҳали кўплаб ишларни амалга ошириш зарур. Ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилингани йўқ. Вазиримиз ҳам, биз ҳам ушбу тарихий масканларни сайёҳлар учун очиш тарафдоримиз. Бироқ ташриф буюрувчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қатор масалаларни ўрганиш ҳамда зарур чораларни кўриш лозим. Айни пайтда бу йўналишда жиддий ишлар олиб борилмоқда ва мутахассислар ўртасида муҳокамалар давом этмоқда”, - деди Гулеч.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ая Софияда 9 та тарихий туннел аниқланди | Effect.uz