Тошкентда 27-октябрдан 28-октябрга ўтар кечаси ҳаво сифати халқаро АҚИ индекси бўйича «ноқулай» даражада сақланди. Айрим кузатув нуқталарида эса «жуда ноқулай» кўрсаткичлар қайд этилди.
Маълум қилинишича, бунга ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг жуда кучсизлиги ҳамда шаҳар атрофида ҳаво массаларининг тўпланиши сабаб бўлган. Бу шароит ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини чеклаб, атмосфера чиқиндиларининг ерга яқин қатламда сақланиб қолишига олиб келган.
Экологик мониторинг миллий маркази мутахассислари кечаси Юнусобод, Олмазор, Янгихаёт, Сергели ва Яшнобод туманларида инструментал ўлчовлар ўтказган. Барча нуқталарда ПМ2.5 миқдори «жуда ноқулай» тоифага мос келган.
Миллий ҳаво сифати индекси бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи ПМ2.5 учун «сариқ», ПМ10 бўйича эса «зарғалдоқ» даражада қайд этилган.
Прогнозларга кўра, 28-октябр куни кундузги соатларда Тошкентда ҳаво сифати халқаро АҚИ бўйича «ноқулай» даражада бўлиши, миллий индексда эса асосан «сариқ», айрим вақтларда «зарғалдоқ» даража кузатилиши кутилмоқда. Кечки соатларда ҳам ҳаво сифати «ноқулай» бўлиб қолиши мумкин.
Мутахассислар болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинганларга кечқурун ва тунда имкони борича ташқарига чиқмасликни тавсия қилмоқда. Зарур ҳолларда ҳимоя ниқобидан фойдаланиш, очиқ ҳавода узоқ қолмаслик ва кечаси деразаларни ёпиқ тутиш сўралган.




