Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Тошкентда 64 миллион долларлик ноқонуний криптоактивлар савдоси билан шуғулланган уч киши ушланди

Akmal Eshonxonov16 кўришлар
Тошкентда 64 миллион долларлик ноқонуний криптоактивлар савдоси билан шуғулланган уч киши ушланди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жиноий даромадларни криптоактивларга айирбошлаш орқали уларнинг асл манбасини яширишга қаратилган йирик молиявий схема фош этилди. Ҳолат юзасидан уч киши қўлга олинди.

Пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълум қилишича, Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари тезкор тадбир ўтказган. Унда гумонланувчилар турли давлатлар валютасидаги маблағларни криптоактивларга айирбошлаш ва молиявий операцияларни амалга ошириш билан шуғуллангани аниқланган.

Қўлга олинганлардан бирининг айтишича, у Қозоғистон ва Қирғизистондаги тадбиркорлардан пул олган. У ҳар бир операциядан кунига 80–100 доллар фойда кўрганини билдирган.

Тезкор тадбир давомида 8 та телефон ва 2 та ноутбук ашёвий далил сифатида олинган. Қурилмаларни ўрганиш натижасида жами 64 миллиондан ортиқ УСДТ, яъни қарийб 768 миллиард 380 миллион сўмлик криптоактивлар билан боғлиқ молиявий операциялар амалга оширилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси 3-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкентда 64 миллион долларлик ноқонуний криптоактивлар савдоси билан шуғулланган уч киши ушланди | Effect.uz