2026/2027 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичида кундузги таълим шаклида ўқиётган педагоглар фарзандлари учун тўлов-контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилади. Бу ҳақда Ҳукумат қарорида белгиланган.
Чегирма қуйидаги таълим муассасалари ва шаклларида таҳсил олаётганларга татбиқ этилмайди:
олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари;
Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари;
нодавлат олий таълим ташкилотлари;
қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосидаги таълим;
хорижий ҳамкор олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари ва факултетлари.
Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиётган бўлса, чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида қўлланилади.
Бунинг учун педагог фарзанди тўлов-контракт шартномасини олиш мақсадида контракт.эду.уз тизими орқали ариза юборади. Ариза берувчининг педагог фарзанди экани «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тасдиқланса, чегирма автоматик равишда қўлланилади.
Аризалар масъул ташкилот томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир марта берилади.
Педагогнинг отаси ёки онаси педагог тоифасидан чиқарилган тақдирда, кейинги ўқув йилидан бошлаб чегирма қўллаш тўхтатилади.




