Qorong‘i rejim
Жамият

Қамоқхонадаги махфий ўйин фош бўлди

Akmal Eshonxonov42 кўришлар
Қамоқхонадаги махфий ўйин фош бўлди

Тошкентда жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари маҳкумга алоқа воситаларидан фойдаланиш учун шароит яратиб бергани ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдосига алоқадорликда айбдор деб топилди. Суд унга 11 йиллик қамоқ жазосини тайинлади.

Суд ҳужжатларига кўра, К.К. 2024-йил ноябр ойида колония бошлиғининг тезкор-қидирув ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Унинг вазифаларига маҳкумларнинг сақлаш тартибига риоя этишини назорат қилиш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш кирган.

Бироқ суд аниқлашича, мансабдор маҳкумлардан бирига алоҳида шароит яратиб, алоқа воситаларидан фойдаланиш имконини берган. Уни меҳнатга жалб қилиш бўйича ҳужжатлар расман расмийлаштирилган бўлса-да, амалда маҳкум меҳнат вазифаларини бажармаган.

Яратилган шароитдан фойдаланган маҳкум колония ташқарисидаги шериклари билан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдосини ташкил этган.

Суд жараёнида К.К. ўз айбини тан олмаган. У маҳкумнинг жиноий фаолиятидан хабардор бўлмаганини, уни реабилитация марказига жойлаштириш эса ўз ваколатига кирмаслигини билдирган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди К.К.ни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «б» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларининг ўтказиш мақсадида қонунга хилоф муомаласи) бўйича айбдор деб топган.

Шу билан бирга, у Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (пора олиш) бўйича оқланган.

Суд ҳукми билан К.К. 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, у уч йил муддатга Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Қамоқхонадаги махфий ўйин фош бўлди | Effect.uz