Шавкат Мирзиёев 27-ноябр куни Автомобил йўллари қўмитасининг янги илмий-амалий марказига ташриф буюриб, унинг имкониятлари ва яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Умумий майдони 2,7 гектар бўлган мажмуада 80 та доимий иш ўрни яратилган. Марказ йўл хўжалигида илмий тадқиқотларни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва малакали муҳандислар тайёрлашга хизмат қилади.
Ўқув полигонида автомобил йўлларининг И–В техник тоифаларига оид конструксиялар, қопламалар ва бошқа элементлар намойиш этилган. Жами 75 турдаги йўл элементи жамланган.
Марказ махсус техника парки, учта замонавий лаборатория, ўқув хоналари ва илмий кутубхона билан жиҳозланган. Лабораторияларда асфалт-бетон, семент-бетон, инерт материаллар ва битум хусусиятлари ўрганилади. Ҳозирда бу ерда 15 нафар олим ва 5 нафар изланувчи фаолият олиб бормоқда.
Мажмуадаги Вазият маркази орқали 42,4 минг километр автомобил йўлининг техник ҳолатини баҳолаш, йўл қопламаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, транспорт воситалари вазнини ўлчаш ва йўл-қурилиш техникаси ҳаракатини кузатиш имконияти яратилган.
Айни пайтда 9 нафар оператор А-373 автомобил йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи 100 километрлик қисмини реал вақт режимида назорат қилмоқда.
Президент марказ имкониятларидан самарали фойдаланиш, йўл қурилиши сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни соҳанинг амалий эҳтиёжларига йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.
Ташриф доирасида автомобил йўллари соҳасида йирик лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий инвесторлар билан ҳам суҳбат ўтказилди.




