Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Ҳолатлар бўйича бир неча шахс ушланиб, жиноят ишлари қўзғатилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, мамлакат бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари давомида қатор қонунбузарликлар фош этилган.
Жумладан, Самарқанд вилоятида ДХХ вилоят бошқармаси, божхона ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигидаги тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1987 ва 1994-йилларда туғилган икки шахс ушланган. Улар 1 килограмм 950 грамм опийни шартли харидорга 36 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинган. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур модда мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Хоразм вилоятида эса 1999-йилда туғилган шахс Урганч туманида вақтинча яшаб турган хонадонидан чиқаётганида тўхтатилган. Шу вақтда унинг яқин таниши бўлган аёл хонадон деразасидан ташқарига селлофан пакет ташлаган.
Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечиришда пакетдан 715 грамм гашиш, 0,92 грамм мефедрон ҳамда таркибида прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган «ПГН 300» номли 23 дона дори воситаси топилган.
Қашқадарё вилоятидаги «Умакай» йўл-патрул хизмати масканида Сурхондарёдан Тошкентга ҳаракатланаётган Цобалт автомобили тўхтатилиб текширилган. Автомобил йўловчиси — Денов туманида яшовчи, 1996-йилда туғилган шахснинг ёнидан 327 грамм опий ва 127 грамм гашиш аниқланган.
ДХХ маълумотига кўра, Қашқадарёда аниқланган гиёҳвандлик моддалари ҳам Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган бўлиши мумкин.
Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний тарқатилиши билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.



