Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Ўзбекистонда 37 та ташкилот ҳар йили биттадан филмни молиялаштиради

Akmal Eshonxonov4 кўришлар
Ўзбекистонда 37 та ташкилот ҳар йили биттадан филмни молиялаштиради

2027-йилдан бошлаб 37 та вазирлик, қўмита ва давлат корхонаси ҳар йили биттадан филм ишлаб чиқариш учун маблағ ажратади. Кинематография соҳасида давлат буюртмаси тартиби бекор қилиниб, лойиҳалар питчинг асосида молиялаштирилади.

Президент 21-ноябр куни кинематография соҳасига замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва «Ўзбекфилм» миллий кино брендини яратишни қўллаб-қувватлашга оид фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, унинг тизимидаги қатор ташкилотлар, жумладан, Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси, «Ўзбекфилм» миллий кино консерни, Ҳужжатли ва хроникал филмлар киностудияси, «Қорақалпоқкино» агентлиги, «Шарқ юлдузи кино», «Дўрмон» киноижодкорлар уйи, «Ёшлик» киностудияси ҳамда 13 та ҳудудий бўлим тугатилади.

Уларнинг ўрнига Маданият вазирлиги муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклида «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Хроникал филмлар ишлаб чиқариш эса Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига ўтказилади.

Янги тартибга кўра, соҳада давлат буюртмаси бекор қилиниб, кинолойиҳалар питчинг асосида, хусусий секторнинг 100 фоиз иштироки билан давлат бюджети субсидиялари ҳисобидан молиялаштирилади.

2027-йилдан бошлаб 37 та ташкилот ҳар йили март ойида ўз маблағлари ҳисобидан биттадан филм ишлаб чиқариш учун миллий кинокомпанияга пул ажратади. Улар орасида Бош прокуратура, 12 та вазирлик, 5 та қўмита, шунингдек, қатор давлат корхоналари бор.

Маблағ ажратадиган ташкилотлар қаторига Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз», «Ўзбекгидроенерго», «Навоиюран», «Ўзбектелеком», «Ҳудудгазтаъминот», «Узбекистан Аирвайс» ва «Ўзбекистон темир йўллари» киради. Банклардан эса «Ўзмиллийбанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Агробанк» филмларни молиялаштиришда иштирок этади.

Бундан ташқари, келгуси йилдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари ҳисобидан ҳар уч йилда биттадан кинолойиҳага маблағ ажратилади. Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси эса ҳар йили 10 та кинолойиҳани молиялаштиради. Ушбу филмлардан фойдаланиш бўйича мутлақ ва мулкий ҳуқуқлар «Ўзбекфилм» миллий кинокомпаниясига тегишли бўлади.

Фармонда кино меросини сақлаш ва рақамлаштириш масалалари ҳам белгиланган. 2027-йил март ойига қадар 1924-йилдан буён давлат маблағлари ва киностудиялари томонидан яратилган барча филмлар тўлиқ хатловдан ўтказилади.

2028-йил 1-январдан давлат маблағлари ҳисобидан суратга олинган филмлар ҳамда давлат архивларидаги кино мероси обектлари рақамли форматда бепул равишда «Ўзбекфилм»нинг онлайн кино платформасига тақдим этиб борилади. Хусусий студиялар филмлари эса платформага шартнома асосида жойлаштирилади.

Шунингдек, тугатилаётган агентлик ва унинг тизим ташкилотларига тегишли 12 та давлат мулки обекти оммавий савдога чиқарилади. Уларни сотишдан тушган маблағлар миллий кинокомпанияга йўналтирилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда 37 та ташкилот ҳар йили биттадан филмни молиялаштиради | Effect.uz