Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Бир йиллик мактабга тайёрлов курслари қаерда ва кимлар томонидан ташкил этилади?

Akmal Eshonxonov21 кўришлар
Бир йиллик мактабга тайёрлов курслари қаерда ва кимлар томонидан ташкил этилади?

Таълим ва илм-фан вазирлиги бир йиллик мактабга тайёрлов курсларини ташкил этиш тартиби бўйича кўплаб саволларга жавоб берди. Унга кўра, машғулотлар боғчалар ва мактабларнинг бўш синфхоналарида, олис ҳудудларда эса белгиланган талаблар асосида бошқа ижтимоий соҳа обектларида ҳам ташкил этилиши мумкин.

Вазирлик маълумотига кўра, тайёрлов гуруҳлари қуйидаги тартибда фаолият юритади:

  • Машғулотлар ўтказиладиган жой: гуруҳлар боғчалар ва мактабларнинг бўш синфхоналарида ташкил этилади. Олис ҳудудларда боғча ва мактаб бўлмаса, «Келажак» маркази, техникум ёки бошқа ижтимоий соҳа обектларида ҳам қатъий талаблар асосида гуруҳлар очилиши мумкин.

  • Боғчага қатнайдиган болалар: тайёрлов машғулотларини ўзлари қатнайдиган боғчада ўтайди.

  • Машғулотларни ким олиб боради: олий маълумотли педагог-тарбиячи ёки олийгоҳнинг мактабгача таълим йўналишида битирувчи курсда ўқиётган талабаси.

  • Мактаблардаги гуруҳлар: мактаб биносида очилган тайёрлов гуруҳи учун алоҳида педагог ишга олинади. Мактабда ишлаётган ўқитувчилар ўз дарсларини қолдириб, тайёрлов гуруҳларига жалб этилмайди. Коеффициенти юқори мактабларда эса бундай гуруҳлар ташкил этилмайди.

  • Таълим тўлови: давлат мактаблари ва боғчаларида тайёрлов машғулотлари бепул бўлади. Хусусий таълим ташкилотини танлаш ота-оналар ихтиёрида.

  • Ўқув дастури: барча тайёрлов гуруҳларида ягона дастур асосида таълим берилади. Ўйин методикаси орқали болаларга дастлабки тушунчалар сингдирилиб, ўқиш ва ёзиш кўникмалари шакллантирилади.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳозирда 6 ёшли болаларнинг 98 фоизи мактабга тайёрлов билан қамраб олинган. Етти йил аввал бу кўрсаткич 37 фоизни ташкил этган.

Қамровни 100 фоизга етказиш учун тахминан 800 та гуруҳ ва 20 мингга яқин қўшимча ўрин яратиш талаб этилади. Бунинг учун зарур харажатлар 2027-йилги давлат бюджетига киритилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, вазирлик энди асосий эътиборни таълим сифати ва педагоглар малакасини оширишга қаратишини билдирган.

Таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро талабларга мослаштириб борилади. Дастур халқаро аккредитациядан (ИСЦЕД-1 даражаси) ўтганидан сўнг Фоундатион босқичида ўқишга эҳтиёж қолмаслиги маълум қилинган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Бир йиллик мактабга тайёрлов курслари қаерда ва кимлар томонидан ташкил этилади? | Effect.uz