Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 29,6 ёшга етди. Эркакларда бу кўрсаткич 29,1 ёш, аёлларда эса 30,2 ёшни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1-январ ҳолатига оид кўрсаткич аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида қайта ҳисобланган. Аввалги ҳисоб-китобларда аҳолининг ўртача ёши 29,5 ёш деб кўрсатилган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ёш Тошкент шаҳрида қайд этилган — 33,6 ёш. Навоий вилоятида 31 ёш, Қорақалпоғистон Республикасида 30,9 ёш, Бухоро вилоятида 30,8 ёшни ташкил этган.
Қолган ҳудудлардаги кўрсаткичлар қуйидагича:
Тошкент вилояти — 30,1 ёш;
Фарғона вилояти — 30 ёш;
Хоразм вилояти — 30 ёш;
Сирдарё вилояти — 29,6 ёш;
Андижон вилояти — 29,3 ёш;
Наманган вилояти — 28,8 ёш;
Самарқанд вилояти — 28,4 ёш;
Жиззах вилояти — 27,9 ёш;
Қашқадарё вилояти — 27,8 ёш;
Сурхондарё вилояти — 27,4 ёш.
Маълумот учун, 2010-йилда Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 27 ёш бўлган. Сўнгги 16 йил давомида бу кўрсаткич 2,6 ёшга ошган.




