Аммон шаҳридаги «Ал-Ҳусайния» саройида давлат ташрифи билан Иорданияда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.
Давлат раҳбари ва рафиқасини Иордания Подшоҳи Абдулла ИИ ибн ал-Ҳусайн ҳамда Малика Рания ал-Абдулла кутиб олди. Маросим аввалида биргаликда суратга тушилди.
Олий мартабали меҳмон шарафига тўплардан ўқ узилди. Сарой олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Президенти ва Иордания Подшоҳи шоҳсупага кўтарилиб, икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Шундан сўнг етакчилар фахрий қоровул сафидан ўтдилар. Фахрий қоровул аскарлари ҳам давлатимиз раҳбари олдидан тантанали юриб ўтди.
Расмий кутиб олиш маросими якунланганидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги олий даражадаги музокаралар бошланди.




