Муносабатда қайд этилишича, жорий йилнинг 6-март куни тумандаги 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Турон” театр танловининг туман босқичи ўтказилган.
Танловда жами 12 та умумтаълим мактаблари жамоалари иштирок этган.
Танлов якунларига кўра:
10-сонли мактаб жамоаси — 1-ўрин,
43-сонли мактаб жамоаси — 2-ўрин,
22-сонли мактаб жамоаси — 3-ўринни эгаллаган.
“Ҳакамлар ҳайъати таркибига соҳа мутахассислари жалб этилган бўлиб, танловнинг туман босқичи Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2026-йил 10-февралдаги 02-14-04 ва 08-қ/қ-сонли қўшма қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида ташкил этилган.
Шунингдек, танлов бошланишидан аввал барча иштирокчилар низом билан таништирилган. Ҳар бир шарт бўйича жамоаларнинг чиқишлари, ютуқ ва камчиликлари ҳакамлар ҳайъати томонидан жойида изоҳлаб берилган.
Шу ўринда эслатиб ўтамизки, ижтимоий тармоқларда асосланмаган ёки ёлғон маълумотларни тарқатиш учун амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик мавжуд”, — дейилади муносабатда.
Муносабатга қарши муносабат
Косонсой туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан эълон қилинган муносабат шоша-пиша ёзилгани ва етарлича фактлар билан асосланмагани ушбу тадбир кўр-кўрона ўтказилганидан далолатдир.
Даставвал “Турон” театр танловига жалб қилинган ҳакамлар ҳайъати гуруҳи билан сизларни таништирсак:
1. Аҳмаджон Ўғлонов — туман ММТБ маънавий- маърифий ишлар бўйича бош мутахассис.
2. Дилшод Исаков — Республика маънавият маркази туман бўлими раҳбари.
3. Манзурахон Маллаева — туман “Баркамол авлод” маркази раҳбари.
4. Амирхон Усмонов — косонсойлик комик-актёр, блогер (Инстаграм тармоғида 3 мингдан зиёд обуначиси бор).
Қуйида айтиб ўтилган ҳакамлар ҳайъати “Юлдузли тунлар” асаридан тайёрланган саҳна кўринишини тарбиявий аҳамиятга эга эмас дея баҳолашган.
“Юлдузли Тунлар” асари ўзбек ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб тарихий роман. Қодиров мазкур роман устида ўн йил (1969—1978-йилгача) давомида иш олиб борган.
Асарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёшлиги, давлатчилик учун кураши ва шахсий ҳаёти бадиий тарзда тасвирланган. Ушбу асар орқали инсоннинг иродаси, адолатга интилиши, билимга ҳурмати ошади.
Энг қизиғи бу асар мактаб ҳамда олий таълим муассасаларида адабий-тарихий асар сифатида ўқитилиб келади. Агарда тарбиявий аҳамиятга эга бўлмаганида муаллиф 10-йил умрини кетказган бўлармиди? Ҳакамларнинг бу қароридан кейин марҳум ёзувчининг арвоҳи чирқираганлиги аниқ.
Мурожаатчининг маълум қилишича, танлов ғолиби бўлган 10-мактаб “зам” директори Аҳмаджон Ўғлонов билан қариндошчилик алоқаси бор.
Низомга кўра, “Турон” мактаб театри танловларида ҳакамлар ҳайъати таркибига соҳа мутахассислари жалб қилиниши ва улар иштирокчи жамоаларга алоқадор бўлмаслиги лозимлиги қайд этилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда маданият вазирлигининг “Турон” мактаб театри ва “Иқтидор” мактаб ансамбли республика танловларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорида шундай дейилган:
“Турон” мактаб театри танловига вилоят мусиқали драма театри ҳамда қўғирчоқ театридан ҳакамлар ҳайъати таркиби учун актёр ва актрисалар ҳамда режиссёрларни жалб қилинсин”
Сиз рўкач қилаётган “Турон” мактаб театри танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 4-бандида эса бундай ёзилган:
Ҳакамлар ҳайъати таркибига иштирок этадиган жамоаларга алоқаси бўлмаган вакиллар киритилиши лозим. Шунингдек, вилоятлардаги театр актёрлари ва санъат мактаби ўқитувчи-педагогларини жалб қилиш тавсия этилади.
Ана энди Косонсой туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига саволларимиз бор:
1. Қўшма қарорда “Турон” мактаб театри танлови учун ҳакамлар ҳайъати таркибига вилоят мусиқали драма театри ёки қўғирчоқ театридан актёрлар, актрисалар ва режиссёрлар жалб қилиниши белгиланган. Косонсой туманидаги танловда эса бундай мутахассислар нега иштирок этмаган? Косонсойда ёки Наманган вилоятида актёр ёки актрисалар топилмадими ёки уларни жалб қилишга уриниш бўлмаганми?
2. Туман ММТБ мутахассиси, маънавият маркази раҳбари ёки блогер танловнинг бадиий ва режиссёрлик жиҳатларини баҳолаш учун профессионал компетенсияга эгами? Танлов қатнашчиларига баллар, протоколлар ёки расмий баҳолаш варақалари тақдим этилганми?
3. Ҳакамлар ҳайъати таркиби тўғрисида иштирокчи мактабларга олдиндан расмий маълумот берилганми? Агар берилган бўлса, мактаб жамоалари бу таркибга нисбатан эътироз билдириш имкониятига эга бўлганми?
Хулоса
Косонсой туманидаги “Турон” театр танлови расмий муносабатда қонун ва низом талаблари асосида ўтказилгани айтилса-да, ҳакамлар ҳайъати таркиби ва баҳолаш жараёнида профессионал стандартлар сақланмагани кўзга ташланади.
Айниқса, маҳаллий мутахассислар ва блогерлар асарнинг тарбиявий аҳамиятини баҳолашда тўлиқ компетент эмаслиги танловнинг шаффоф ўтказилмаганидан далолат беради.
Шу боис, бадиий ва академик мезонлардан келиб чиққан ҳолда танловнинг ҳаққонийлигини таъминлаш учун Маданият вазирлигидан ушбу ҳолатга эътибор қаратишини сўраймиз.




