Ўзбекистонда 2024–2026-йилларда ўтказилган касбий сертификатлаш синовларида қатнашган педагогларнинг 62,3 фоизи етарли натижа кўрсата олмаган. Синовдан муваффақиятли ўтганлар орасида юқори балл тўплаганлар улуши эса атиги 3,4 фоизни ташкил этган.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги маълумотига кўра, 2024–2026-йилларда ўтказилган олтита касбий сертификатлаш синовида жами 47 936 нафар педагог иштирок этган. Уларнинг 62,3 фоизи синовдан ўта олмаган.
Агентлик натижаларни мамлакатнинг 14 та ҳудуди ҳамда 46 та фан ва мутахассислик кесимида таҳлил қилган.
Маълум қилинишича, сертификатлаш синовларида Ўзбекистондаги жами педагогларнинг 6,9 фоизи қатнашган.
Сертификат олганларнинг асосий қисми — 12 693 нафар педагог 56–70 балл тўплаган. Яна 4 778 нафари 72–85 балл, 608 нафари эса 86 ва ундан юқори балл олган.
Юқори натижа кўрсатганлар сертификат олган педагогларнинг бор-йўғи 3,4 фоизини ташкил этган.
Таҳлил давомида педагог кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари битирувчиларининг натижалари ҳам таққосланган.
Хусусан, касбий сертификат олганлар улуши:
анъанавий давлат университетлари битирувчилари орасида — 39,9 фоиз;
ихтисослаштирилган ва бошқа олий таълим ташкилотлари битирувчилари орасида — 37,6 фоиз;
педагогика олийгоҳлари битирувчилари орасида — 37,2 фоиз;
ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари орасида — 24,7 фоиз;
хорижий таълим ташкилотлари битирувчилари орасида — 23,3 фоиз бўлган.
Шу тариқа, таҳлил қилинган таълим муассасалари тоифалари орасида энг юқори натижа анъанавий давлат университетлари битирувчиларида, энг паст натижа эса хорижий таълим ташкилотлари битирувчиларида қайд этилган.




