Тошкент шаҳар прокуратураси пойтахтдаги низоли қурилиш обектлари билан боғлиқ жиноят ишлари тергови устидан назорат тадбирларини давом эттирмоқда.
Тошкент шаҳар прокурори в.в.б. Анвар Ўрмонов ва шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дилмурод Мирсодиқов иштирокида 3-ноябр куни ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувидаги жиноят ишларининг тергов ҳолати таҳлил қилинган.
Маълум қилинишича, ўрганиш жараёнида «ИЗМИР АРТ СТРОЙ», «ГЛАМОУР ГОЛД», «СТРОНГ ЦИТЙ», «ЦИТЙ ОИЛ» ва «ИМАРАТ ДЕВЕЛОПМЕНТ» жамиятлари томонидан пойтахтда барпо этилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бунда асосий масалалардан бири — низоли қурилиш обектларида фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини таъминлаш.
Прокуратура маълумотига кўра, фуқаролар ва қурилиш компаниялари вакилларининг важлари жиноят ишлари доирасида тўпланган далиллар асосида ўрганилган. Тергов ҳаракатларини тўлиқ ва холисона ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилган.
Шу билан бирга, фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида кўп қаватли уйлар қурилиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича соҳа вакилларига вазифалар белгиланган.
Бу маълумот ИМАРАТ ДЕВЕЛОПМЕНТ билан боғлиқ вазият юзасидан аввалроқ билдирилган маълумотлар фонида ҳам аҳамиятли.
Хусусан, Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, компания таъсисчиларига тегишли тахминан 120 миллион долларлик мол-мулк хатловдан ўтказилиб, баҳоланмоқда. Унинг айтишича, бу чора эҳтимолий зарарларни қоплаш ва фуқаролар маблағларини қайтариш имкониятини таъминлаш нуқтаи назаридан кўрилмоқда.
Шунингдек, ИМАРАТ ДЕВЕЛОПМЕНТ обектларида қурилиш ишларини давом эттириш, айрим лойиҳаларни тезроқ топшириш ва квартира ўрнига маблағини қайтаришни хоҳлаётган фуқароларнинг талабларини алоҳида қайд этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани айтилган. Айни пайтда мазкур жиноят ишлари бўйича тергов жараёнлари давом этмоқда.
Фуқаролар учун энг муҳим савол эса очиқ қолмоқда: низоли қурилиш обектларида пул тўлаган харидорларнинг уй-жой ёки маблағни қайтариш ҳуқуқи амалда қандай таъминланади?
Бу саволга тергов натижалари, қурилишларнинг амалдаги ҳолати ва масъул идораларнинг кейинги қарорлари ойдинлик киритиши керак.




