Qorong‘i rejim
Жаҳон

Гулнора Каримованинг 252,5 миллион долларлик активлари Ўзбекистонга қайтарилади

Akmal Eshonxonov24 кўришлар
Гулнора Каримованинг 252,5 миллион долларлик активлари Ўзбекистонга қайтарилади

Ўзбекистон ва Швейсария ўртасида Гулнора Каримовага тегишли ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битим тасдиқланди. Унга кўра, 252,5 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилиши кўзда тутилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, битим 2026-йил 24-ноябр куни тасдиқланган. Қайтариладиган маблағлар «Ишонч — 2030» траст жамғармаси орқали аҳоли фаровонлигини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилади.

Маблағларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичи иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейсариянинг Ўзбекистондаги элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл томонидан имзоланган.

Стратегияда иккита асосий йўналиш белгиланган.

Соғлиқни сақлаш соҳасида болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш режалаштирилган.

Таълим соҳасида эса янги мактаблар қурилишини қўллаб-қувватлаш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Бунда қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламлари учун шароитларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.

«Ишонч» жамғармаси Ўзбекистон ва Швейсария ҳукуматлари ўртасидаги Реституция битими асосида ташкил этилган. Унинг мақсади Швейсарияда мусодара қилинган Гулнора Каримованинг ноқонуний активларини Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари йўлида шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида сарфлашдан иборат.

Жамғарма маблағлари БМТ агентликлари орқали соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Гулнора Каримованинг 252,5 миллион долларлик активлари Ўзбекистонга қайтарилади | Effect.uz