Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Газ заправкаларда маиший баллонларни тўлдириш учун махсус постлар очилиши мумкин

Akmal Eshonxonov14 кўришлар
Газ заправкаларда маиший баллонларни тўлдириш учун махсус постлар очилиши мумкин

Ўзбекистонда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ҳудудида маиший газ баллонларини тўлдириш учун алоҳида жиҳозланган постлар ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, аҳолига маиший газ баллонларини тўлдириш бўйича қўшимча имконият яратиш мақсадида тегишли ташкилотларга таклифлар киритилган.

Компания маълумотига кўра, амалда маиший газ баллонларини тўлдириш хизмати белгиланган талабларга жавоб берадиган ва рухсатга эга махсус газ тўлдириш стансиялари ҳамда шохобчалари орқали амалга оширилади. Республикада ЛПГ-Траде МЧЖ тасарруфида бўлмаган 360 дан ортиқ бундай стансия ва шохобча мавжуд бўлиб, улар мустақил юридик шахслар томонидан бошқарилади. Ушбу обектлар аҳоли маиший газ баллонларини тўлдириш ҳуқуқига эга.

Амалдаги талабларга мувофиқ, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший газ баллонларини тўлдириш хавфсизлик нуқтаи назаридан тақиқланган. Бу талабни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик 2027-йил 5-февралдан кучга киради.

Шу билан бирга, «Ҳудудгазтаъминот» республикадаги 360 дан ортиқ газ тўлдириш стансияси ва шохобчасининг ҳудудлар кесимидаги манзиллари ҳамда улардаги нархлар ҳақида маълумот бермаган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Газ заправкаларда маиший баллонларни тўлдириш учун махсус постлар очилиши мумкин | Effect.uz