Qorong‘i rejim
Ўзбекистон

Мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлов умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи этиб белгиланиши мумкин

Akmal Eshonxonov15 кўришлар
Мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлов умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи этиб белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда болаларни мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлашни умумий ўрта таълим тизимига киритиш назарда тутилмоқда. Бу бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Қуйи палата матбуот хизмати маълум қилишича, ҳужжат билан «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги ҳамда «Таълим тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлов умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгиланади. Ушбу тайёрлов мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, болаларнинг бир йиллик мажбурий тайёрловдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаш ҳам назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши мактабгача ва мактаб таълими ўртасидаги узвийликни таъминлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган.

Ҳужжатда, шунингдек, таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро миқёсдаги мавқеини ошириш ва фуқароларнинг хорижий давлатларда таълим олиши учун қулай шароит яратиш мақсадлари ҳам белгиланган.

Қонун лойиҳаси ҳали якуний кучга кирмаган. У Сенатда кўриб чиқилиши керак.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлов умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи этиб белгиланиши мумкин | Effect.uz